АПОЛЛОН

«АПОЛЛОН» — астронавтларнинг Ойга учиши учун мўлжаллаб АҚШда ишлаб чиқилган космик кема (КК) ларнинг номи, уларни ишлаб чиқиш ва учириш дастури. Биринчи марта 1967 и. охири, 1968 й. бошларида учирилган «Сатурн-5» элтувчи ракета (ЭР) «Аполлон»ни учириш учун мўлжалланган. «Аполлон» Ойга учишни ва Ой атрофидаги орбитага ўтишни таъминловчи икки ККдан иборат. 1967 — 75 йларда «Аполлон» ККнинг «А-4», «А-5», «А-6», «А-7», «А-8», «А-9», «А-10», «А-11», «А-12», «А-13», «А-14», «А-15», «А-16», «А-17» маркалари учирилди. Уларда жами 38 астронавт учирилди. «А-11»да Ой сиртига инсон биринчи марта чиқарилди (1969 й. 16 июль, Н. Армстронг, Э. Олдрин). Астронавтлар Ой сиртида юришни машқ қилишди, Ой сиртига илмий асбоблар ўрнатишди. Ой жинси намуналаридан 22 кг йиғишди, Ой сиртини фотосуратга олишди, Ер билан телефонда гаплашишди, Ой сиртига АҚШ байроғини ўрнатишди, ҳалок бўлган астронавтларнинг сурати туширилган бешта медални Ой сиртига қўйишди. Астронавтлар Ойдан Ерга телевизор орқали кўрсатиб турилди. Ойга қўнилган жой «Сокинлик базаси» деб аталди. Ой сиртида 1 соат-у 44 мин. мобайнида мўлжалдаги ишларни бажаргач, Олдрин кабинага қайтди, ундан 10 мин. кейин Армстронг ҳам кабинага кирди. Ойда 21 соат 36 мин. бўлгач, астронавтлар 21 июль куни Ойдан кўтарилдилар ва селеноцентрик орбитада баъзи манёврларни бажаргач, «Бургут» (ой кабинаси)ни «Колумбия» (асосий блок)га уладилар ва унга ўтиб, ой кабинасини ажратдилар, шундан сўнг махсус двигателни ишга тушириб, Ерга учиш траекториясига чиқдилар. «А-11» 24 июлда Гавай о. ларидан жан.-ғарбдаги Жонстон о. яқинида Тинч океанга қўнди. Биоизоляция кийим-боши кийдирилган астронавтлар ва ККнинг ўзи махсус вертолётда «Хорнет» авианосецига келтирилди. Астронавтлар карантин муддатини ўташ учун махсус ажратилган жойга олиб кетилди.

Prev Article

АПЛАНОСПОРА

Next Article

АПОСЕЛЕНИЙ