АПОСТОЛЛАР (юн. apostolos — элчи; исломда ҳаворий — шогирд, издош маъносида) — илк христианликнинг шаклланиш даврида дарбадар диний тарғиботчилар. Апостоллар ҳали руҳонийлар пайдо бўлмаган даврларда жамоадан жамоага кўчиб тарғибот юритиб, христиан динининг ёйилишида асосий роль ўйнаганлар. Кейинчалик епископляр пайдо бўлгач, Апостоллар йўқолган. Апостоллар номи фақат Исо Масиҳнинг шогирдлари ҳисобланган 12 кишидагина (Иоанн, Матфей, Пётр, Павел, Марк, Иаков, Иуда ва б.) сақланиб қолган. Уларнинг динни тарғиб қилиш мақсадида бошқа халқлар номига ёзган хатлари (послания), шунингдек уларнинг фаолияти баён этилган «Апостолларнинг қилмишлари» каби асарлар Библия расмий канонининг «Янги аҳд» қисмига киритилган. Апостоллардан Пётр католик христианлари тасаввурида черков ва папалар диний ҳокимиятининг асосчиси ҳисобланиб, Рим папалари ўзларини Пётр тахтининг меросхўрлари деб даъво қиладилар. Христианлик тарихи соҳасида олиб борилган и. т. натижасида 12 апостолнинг кўпи тарихий шахслар эмаслиги аниқланган. Улар тўғрисида аниқ тарихий маълумотлар йўқ.