АППАРАТ ФУНКЦИЯСИ — ўлчов асбобининг унда ўлчанган катталикни ўлчангунча бўлган ҳақиқий қиймати билан боғловчи характеристикам. Кўп ҳолларда спектрофотометрларнинг Аппарат функциясини билиш талаб қилинади. Ўлчов асбобининг Аппарат функцияси назарий йўл билан ҳисоблаб топилади. Мас, спектрометрнинг Аппарат функцияси ёювчи элемент (призма, дифракцион панжара), коллиматор кўзгуси, тирқишнинг оптик параметрлари ёрдамида ҳисобланади. Спектрометрнинг Аппарат функцияси тажриба йўли билан ҳам аниқланиши мумкин. Бунда спектрометр кириш тирқиши v частотали монохроматик нур билан ёритилади ва спектрометрда частота ўзгартирилганда шу частота атрофидаги ёруғлик оқими тақсимоти ўлчанади, бу тақсимот асбобнинг Аппарат функциясига мос келади.
Тасвир ҳосил қилувчи оптик асбоблар (фотоаппарат, телескоп, микроскоп ва б.) нинг Аппарат функцияси асбоб ҳосил қилаётган чексиз кичик нурланувчи нуқтанинг тасвиридаги ёритилганлик тақсимотини кўрсатади. Идеал оптик асбоб нуқтавий ёритқич тасвирини нуқта шаклида ҳосил қилади ва унинг Аппарат функцияси нуқтадан ташқарида нолга тенг бўлади. Реал оптик асбобларда нуқтавий ёритқич тасвири ёруғ доғ шаклига эга бўлади ва асбобнинг Аппарат функцияси нуқта атрофида нолга тенг эмас. Асбобнинг Аппарат функцияси унинг ажрата олиш қобилиятини ҳам белгилайди.