АҚЛИ НОРАСОЛИК — (жиноят ҳуқуқида) ижтимоий хавфли қилмишни содир қилиш вақтида шахснинг руҳий касаллиги туфайли ўз ҳаракатлари юзасидан ўзига ҳисоб бера олмайдиган ва ўз ҳаракатларини идора қила олмайдиган ҳолати. Ақли норасолик икки мезон: тиббий (биологик) ва юридик мезон орқали аниқланади. Тиббий (биологик) мезон шахсда сурункали руҳий касалликни ёки руҳий ҳолатнинг вақтинча бузилганлиги ёхуд ақли заифлик ёки бошқача тарздаги руҳий касалликнинг мавжудлигини билдиради. Юридик мезон шахснинг ўз ҳаракатлари юзасидан ўзига ҳисоб бера олмаслиги (тафаккур мезони) ва ўз ҳаракатларини идора қила олмаслиги (иродавий мезон)дир. Шахсни руҳий касал деб ҳисоблаш учун тиббий ва юридик мезонларнинг зоҳирлиги талаб қилинади. Шахснинг руҳий касаллик ҳолатини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизаси тайинланади. Экспертиза шахсни ижтимоий хавфли қилмишни содир қилиш пайтида ақли норасо ҳолатда бўлган, деб хулоса берса, унинг қилмиши жиноят ҳисобланмайди ва жавобгарликка тортилмайди.