АР-РИЁД (араб. Ар-Риёз — боғ, хиёбон) — Саудия Арабистонининг пойтахти, энг йирик шаҳри ва Нажд вилоятининг маъмурий маркази. Аҳолиси тахм. 2,2 млн. киши (1992, шаҳар атрофи б-н). Шаҳарнинг қачон барпо этилгани тўғрисида аниқ маълумот йўқ. 1821 — 19 а. 2-ярмидан (вақти-вақти б-н) Саудийлар давлатининг пойтахти, 1902 й. дан Нажд амирлиги, 1927—32 й. ларда Ҳижоз, Нажд ва б. қўшиб олинган вилоятлар, 1932 й. дан Саудия Арабистони пойтахти. Ҳоз. Ар-риёд — Саудия Арабистонининг йирик саноат, савдо ва маданий маркази. Ар-риёдда иссиқлик электр ст-ялари, бинокорлик материаллари ишлаб чиқарадиган, нефтни қайта ишловчи з-длар, кўплаб ҳунармандчилик корхоналари бор. Қ. х. маҳсулотлари қайта ишланади. Ар-риёд Даммам порти билан т. й. орқали боғланган. Ҳаво йўллари орқали Ар-риёд мамлакатнинг йирик шаҳарлари ва бир қанча чет мамлакатлар билан боғланган. Шаҳарда ҳарбий академия, ун-тлар, олий техника ин-ти бор.