АРАБ МУҲАММАДХОН (16-а. нинг 2-ярми – 1623) — Хива хони (160223). Хоразм хони Ҳожи Муҳаммадхон (Ҳожимхон) (1598—1602)нинг кенжа ўғли. Отаси ҳаётлигида Хива ҳокими бўлган. Отаси вафотидан сўнг 1602 й. хонлик тахтига чиққан. Абулғозий Баҳодирхоннинг ёзишича, унинг даврида Хива хонлигига Ёйиқ казаклари атаман Аборкин (1602) ва атаман Нечай бошчилигида (1603) бостириб кириб юртни ва пойтахт Урганчни талон-тарож этганлар. 1620 ва 1621 й. да қалмоқлар Хоразмга юриш қилиб, кишиларни асирга олганлар. Унинг даврида ички низолар авж олиб, хонликнинг маъмурий тузилишига салбий таъсир этган. Чунончи, ҳар бир шаҳзоданинг ўз ерида шахсий идора аппарати — ўз аъёнлари, хазинаси, ясовуллари, божхона хизматчилари ва б. бўлган. 1623 й. да ўғиллари Ҳабаш ва Элбарс султонлар тахт талашиб унга қарши уруш бошла-дилар. Бу урушда Араб Муҳаммадхон енгилиб, Қум қалъага қамалган ва ўша ерда вафот қилган.
Араб Муҳаммадхон мамлакат ободончилигига катта эътибор берган, чунончи у Араб Муҳаммадхон мадрасасини қурдирган ва Тўқ қалъа ёнида канал қаздирган.