АРАБИСТОН ЯРИМ ОРОЛИ — Осиёдаги энг йирик ярим орол; майд. қарийб 3 млн. км2, ғарбда Қизил денгиз, жан. да Адан қўлтиғи ва Арабистон денгизи, шарқда Уммон ва Форс қўлтиқлари б-н ўралган. Арабистон ярим ороли Африка қалқонининг бир қисми бўлган; палеоген дав-ри охири ва неоген даврида чуқур Қизил денгиз ботиғи орқали Африкадан ажралиб, Осиёга туташиб қолган. Ярим орол асосан архей сланецлари ва гранитларидан иборат кристалл жинслардан таркиб топган. Бу жинслар Арабистон ярим оролининг бутун ғарбий қисмида ва қисман жан. да ер юзасига чиқиб ётади, қолган катта қисмида жинсларнинг устини мезозой ва кайнозойнинг асосан оҳактош ва қумтошлардан иборат юпқа қатлами қоплаб олган. Неоген охири ва тўртламчи давр бошидаги тектоник ёрилиш, узилиш ва гумбазеимон кўтарилиш натижасида Арабистон ярим оролида ғарбий важан. қирғоқҳамда чеккадаги қирлар пайдо бўлган. Ёриқлардан вулканлар отилиб чиқиб, катта майдонни лава («харра») қоплаб олган ва лава қопламлари устидан нисбий бал. 1000 м гача бўлган пастак вулкан қолдиқлари кўтарилиб туради. Шундай вулкан кра-терларидан бирида Адан ш. жойлашган. Арабистон ярим оролининг ер юзаси чекка қисмларидан ички ва шарқ томонга аста-секин пасайиб боради. Ярим оролнинг баланд чекка қисмларида массив ва супасимон тоғлар бор. Уларнинг ўртача бал. 1000 — 2000 м, жан. даги энг баланд Асир ва Яман тоғлари 3600 м га етади. Жан.-шарқида альп босқичида бурмаланган Уммон тоғли ўлкаси бор, унинг энг баланд нуқтаси 3352 м. А. я. о. нинг ғарбий ва жан. қирғоқлари бўйлаб чўзилган камбар пастлик — Тихома, шим. — Шимолий Арабистон платоси ва Катта Нефуд чўли, марказининг кристалл жинслардан иборат ғарбий қисми Ўрта Арабистон платоси деб аталади, ярим оролнинг оҳактошлардан иборат шарқий қисми куэста грядаларидир, катта майдонни банд қилган пастроқ жан. қисми эса Руб ул-Холий қум чўли дейилади. Арабистон ярим ороли, айниқса унинг шарқий паст қисми нефтга жуда бой. Нефть юза жойлашган, қазиб олиш қулай. Арабистон ярим оролида яна темир, рух, фосфорит-апатит рудалари, олтин, олтингугурт, калий ва ош тузлари конлари бор. Арабистон ярим ороли иқлими қуруқ тропик иқлим. Янв. нинг ўртача т-раси шимолда 7° бўлса, жан. да 24°, июннинг ўртача т-раси ҳамма қисмида 30° дан юқори, максимал т-ра 50°, 55°, минимал т-ра шим. да 11°, Аданда 16°. Ёғин кам (100 мм), фақат Яманда (750 мм) ва Уммон тоғларида (500 мм) кўпроқ. Оқар сувлар тоғли ерлардагина бор. Қолган жойларда фақат қуруқ ўзан — водийлар учрайди. Баъзи жойларда ер ости сувлари чиқиб ётади. Тупроқ қумли ва тошлоқ чўлларда бутунлай йўқ ёхуд ҳали ибтидоий ҳолда. Арабистон ярим оролининг шим. қисми бўз тупроқ б-н, жан. ва жан.-шарқидаги тоғли ўлкалар қизил ва қизил-қўнғир тоғ тупроқлари билан қопланган. Арабистон ярим оролида асосан Африка флорасига хос ўсимликлар ўсади, Ҳиндистон ва Ўрта денгиз атрофига хос ўсимлик турлари ҳам учрайди. Чўлларда ўсимлик сийрак, улар шувоқ, шўра, астрагал, кермак, юлғун каби илдизлари узун, дағал ўт ёки бута, ёхуд дарахтчалардан иборат. Баҳорда эфемерлар барқ уриб ўсади. Тоғларнинг сернам ён бағирларида барг тўкадиган ўрмонлар учрайди. Жан.-ғарб ва жан.-шарқда саванна типидаги ўсимликлар ўсади. Воҳаларда хурмо дарахтлари айниқса кўп. Ҳайвонлардан жайрон, ёввойи эшак, қўшоёқ, қумсичқонлар, сиртлон, бўри, чиябўри, тулки, чўл паррандалари ва хилма-хил судралувчилар яшайди. Арабистон ярим оролида БАА, Саудия Арабистони, Яман, Қувайт, Қатар, Уммон давлатлари, Ироқ ва Иорданиянинг бир қисми жойлашган (бу мамлакатлар табиати ҳақида тегишли мақолаларга қ.).