АРАБЛИНСКИЙ

АРАБЛИНСКИЙ (Халафов) Гусейн Мамед ўғли (1881 — Боку — 1919) — озарбайжон демократик театрининг асосчиси, актёр, реж. Араблинский яратган Фахриддин («Фахриддин кулфати»), Баҳодир («Баҳодир ва Сўна»); Нодиршоҳ (Наримоновнинг шу номли асари), Франц Моор («Қароқчилар»), Хлестаков («Ревизор»), Отелло («Отелло») каби образлари диққатга сазовор. Араблинский санъати кучли ҳиссиёт, чуқур ҳаққоният, илғор, инсонпарвар, демократик ғоялар билан суғорилган, тасвирий воситаларнинг бойлиги билан ўзига хослик касб этган. Араблинский реж. сифатида Шекспир, Шиллер, Гоголь, Тургенев, Сундукян, Ширвонзода, Охундов, Ҳақбердиев, Вазиров кабиларнинг асарларини саҳналаштирди. Араблинский биринчи озарбайжон киноактёри («Нефть ва миллионлар салтанатида»). Мусовотчилар томонидан ўлдирилган.