АРАБОТА МАҚБАРАСИ — Самарқанд вилояти Тим қишлоғидаги меъморий ёдгорлик, мил. 977/8 (ҳижрий 367). Меъмори номаълум. Пойдевори тошдан, деворлари чорси ғиштдан (23X23X4 см) ганчхок билан терилган. Бинонинг умумий тарҳи мурабба (560X560 см). Усти гумбаз билан ёпилган. Девор ва гумбаз орасидаги 4 кунжак йирик муқарнас косалар шаклида. Устунлар нақшли. Бу бежирим устунлар хонага шинам ва улуғвор кўриниш беради. Мақбаранинг кўрки унинг маҳобатли пештоқидир. Ғиштлар турли тартибда жуфтлаб терилган, чоклар қаторига ганчкори нақшлар киритилган. Пештоқ пояларида куфий ёзувлари бор. Равоқ тепасидаги уч меҳробсимон токчалар майда нақшлар билан безалган. Аработа мақбараси Мовароуннаҳрда сақланиб қолган энг қад. мусулмон мақбараларидан бири. Мақбара меъморий тузилиши жиҳатидан катта аҳамиятга эга. Унинг пештоки ўша даврда яратилган шу турдаги биноларнинг дастлабки етук намунаси бўлиб, 11 — 12-а. лар меъморлигининг ривожига таъсир этган.