АРАБОВ Муҳаммадқул Абдуқодирович (1921, Бухоро) — кинооператор. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1965). Москва давлат кинематография ин-тининг операторлик ф-тини тугатган (1943). Москвадаги Марказий ҳужжатли фильмлар киностудиясининг ҳарбий кинооператори бўлиб 1-Украина фронтида хизмат қилди (1943 — 45). «Берлин» фильми ва «Улуғ Ватан уруши» киноэпопеясига Арабов суратга олган жанг лавҳаларидан кадрлар киритилган. 1946 — 52 й. ларда Свердловск, 1953 — 62 й. ларда Душанба киностудияларида, 1962 й. дан Ўзбекистон ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар киностудиясида ишлаган. Бир неча фильмларни суратга олган.