АРАЛАШ СИЛОС — турли озуқабоп ўсимликларнинг кўк пояси, дони, илдизмеваларини консервалаш (сурлаш) усули билан тайёрланадиган озуқа. Аксарият паррандалар, чўчқа ва ёш бузоқларни боқишда қўлланилади. Аралаш силос тайёрлаш учун намлиги юқори дон, қанд, нимқанд ва хашаки лавлаги, сабзи илдизмевалари ва барглари, кўк беда, картошка, қовоқ ва б. нинг палаклари ишлатилади. Аралаш силос намлиги 60 —70%, рН 4 — 4,3, сут кислотаси 70—75% бўлиши керак. 1 кг Аралаш силос таркибида 0,25—0,30 озуқа бирлиги, 25—30 г ҳазм бўлувчи протеин, 20 —60 мг каротин ва 30 г дан кўп бўлмаган миқдорда клечатка бўлади. Аралаш силосни тайёрлаш, жойлаш ва сақлаш технологияси қаттиқ назо-рат қилиниши лозим. Аралаш силос осон ҳазм бўлувчи углеводлар, органик кислоталар, витаминлар ва минерал тузларга бой (қ. Силос).