АРАУКАРИЯДОШЛАР, араукариялар (Araucariaceae) — очиқ уруғли ўсимликларга мансуб баланд бўйли дарахтлар оиласи. Икки туркуми (Agathis, Araucaria) ва 40 га яқин тури бор. Асосан, Жан. Америка, Жан.-шарқий Осиё, Малакка ва Филиппин о. ларида тарқалган. Новдалари доира шаклида жойлашган. Нина барги ясси, меваси йирик қубба, уруғи хомлигича ёки қовурилиб ва қуритиб, шунингдек ун қилиб истеъмол қилинади. Ёғочидан қурилишда фойдаланилади. Баъзи турлари хушманзара дарахт сифатида экилади.
Ўзбекистон ҳудудида Араукариядошларнинг чанги, ёғочи ва шохчаларининг изи қазилма ҳолда топилган. Хусусан улар Фарғона водийсининг жан. ҳудудлари ва Қурама тоғларининг карбон, юра қатламаларида учрайди.