АРАВА, ароба — юк ва одам ташишга мўлжалланган, улов қўшиб ишлатиладиган қад. транспорт тури. Арава шоти (аравашоти), тегарчик (ғилдирак) ва ўқ каби асосий қисмлардан тузилган. Шоти 4,5 м ча узунликдаги иккита отёғоч (отлиқ), 8 та погона, икки сўлоқ ва айғиздан иборат. Отёғочлар мирза-теракдан ишланади. Шоти (оралиғи 70 — 80 см) учларида от бўйинчасини маҳкамлашга хизмат қиладиган биттадан тешиклари бўлади. Тегарчик (ғилдирак) гупчак, тўғин, кегай, беллик, араватемир, аравамих ва ёстиқ каби қисмлардан иборат. Араватемир, аравамихлар темирдан, бошқа қисмлар қайрағочнинг чайир тури (бужун)дан ясалади. Ўқ — йўғонлиги 40 см, 2,5 м узунликдаги силлиқланган ёғоч бўлиб, икки учи тегарчик гупчагига киритилади ва устига аравашоти миндирилади. Юрганда шоти жилиб кетмаслиги учун унинг остига сўлоқ ўрнатилади. Аравалар икки, уч ва тўрт ғилдиракли бўлади. Қўшиладиган уловга кўра, от Арава, туя А., ҳўкиз А., эшак А. каби хиллари фаркданади. Баъзи Шарқ мамлакатлари (Бирма, Вьетнам, Ҳиндистон)да одам (рикша) тортадиган икки ғилдиракли Аравалар ҳам бор. Шакли ва тузилишига кўра, очиқ Арава, соябонли Арава, ағдарма Арава, катта ғилдиракли қўқон А., кичик ғилдиракли кўтак Арава ва б. хиллари бор. Хоразм А. лари шаклан бошқачароқ бўлгани учун хоразмча Арава дейилади.
Араванинг илк намуналари мил. ав. 3-минг йиллик охирига тўғри келади. Евросиё ва Шим. Африка ҳудудларидан Арава тасвирлари кўплаб топилган. Жанговар Аравалар қад. Шарқ давлатлари — Бобил, Хитой, Ҳиндистон ва б. мамлакат қўшинларида бўлган. Қад. ҳинд қаҳрамонлик эпоси «Маҳабҳарата» (мил. ав. 10 — 8-а. лар)да баён қилинишича, Шим. ва Жан. Ҳиндистон халқлари иштирок этган буюк жангда жанговар Арава ларда жанг қилинган. Александр (Искандар Зулқарнайн) ҳам ўз юришларида Аравадан кенг фойдаланган. Мисрликлар икки ғилдиракли бир кишилик Арава ларда урушишган. Ўзбекистон ҳудудидан сополдан ишланган тўрт ғилдиракли (Олтинтепа қад. шаҳар харобаси, мил. ав. 4-минг йиллик — 2-минг йилликлар), қуйма олтиндан мўъжаз ишланган икки ғилдиракли (Амударё хазшаси, мил. ав. 4 — 2-а. лар) Аравалар топилган, Афросиёб деворий расмларида жанговар Арава тасвирланган, «Бобурнома»да ёзилишича, урушларда Аравадан мудофаа воситаси (чеп) сифатида фойдаланилган.
Дунё халқларининг кундалик ҳаётида Араванинг аҳамияти беқиёс катта бўлган. Автомобиль ва б. транспорт воситалари яратилгунга қадар Арава асосий транспорт воситаси ҳисобланган. Ҳозир ҳам халқ хўжалигида, айниқса, қишлоқ жойларда Аравадан фойдаланилади.