АРЧАЗОР

АРЧАЗОР, арчазор ўрмонлар — асосан, арча дарахтидан ташкил топган ўрмонлар. Арчазорлар 600 — 700 йил (айримлари 2000 й. гача) яшайди, тоғларда сув тўплаш, тупроқ эрозияси олдини олиш, сел тошқинларини бартараф этиш каби муҳим вазифаларни бажаради. Асосан Ер юзининг Шим. ярим шаридаги тоғли ҳудудларда — Ўрта Америка, Осиё ва Африкада ўсади. Ўрта Осиё, Қрим, ОлтойСаян, Узоқ Шарқдаги тоғларда 700 минг га майдонни эгаллайди, унинг 665 минг га дан кўпроғи (93,5%) Марказий Осиё давлатларида жойлашган. Ўзбекистон давлат ўрмон фонди ҳисобида 190 минг га Арчазор бор (1999). Ўзбекистонда асосан, Тяньшан, Туркистон, Чатқол, Ҳисор тоғларида катта-катта Арчазорлар мавжуд. Улар си Ирак ва маҳсулдорлиги кам А. га киради (қалинлиги 0,3 — 0,5), аммо шунга қарамай жуда катта табиий ва иқгисодий ахамиятга эга. Арчазор 800 — 3100 м баландликда тоғ ён бағирларида жойлашган ва уч минтақага бўлинади: тоғларнинг пастки қисмида (800—2000 м баландликда) қора арча ёки Зарафшон арчаси, ўрта қисмида (1400—2500 м) совур арча, юқори қисмида (2500 — 3100 м) ўрик арча ёки Туркистон арчаси ўсади. Тоғларнинг энг юқори қисмидаги арчалар сийрак, бўйи паст, танаси қийшиқ, сершох бўлиб, кўпинча ер бағирлаб ўсади. Энг яхши Арчазор унумдор, сернам, тупроқли, ясси тоғ ён бағирларида учрайди ва уларнинг йиллик фитомаҳсулдорлиги 220 т/ га ни ташкил этади. Илгари Арчазор муҳофаза қилинмаганлиги ва улардан қурилиш материали ҳамда ўтин сифатида аёвсиз фойдаланиш натижасида Арчазор майдонлари камайиб, арчалари сийраклашиб кетган. 20-а. нинг 50-й. ларидан бошлаб Ўзбекистонда Аларни табиий равишда қайта тиклаш ва экма Арчазорни барпо қилиш ишлари бошланди ва Ўрта Осиё (ҳоз. Ўзбекистон) Ўрмончилик и. т. ин-тида унинг илмий асослари ишлаб чиқилди (У. Н. Ниғматов, Е. В. Михайлова, В. М. Сахацкий, Ё. Ю. Мусаев). Ўрмончилик хўжаликлари Арчазорни қўриқлаш, парваришлаш, табиий ва сунъий йўллар орқали кўпайтириш ишлари билан шуғулланади (қ. Ўрмон хўжалиги).

Абдухалил Қайимов, Анвар Тагиров.

Prev Article

АРХИТЕКТОР

Next Article

АРҚИШ