АРДЕННА ОТ ЗОТИ

АРДЕННА ОТ ЗОТИ — оғир юк тортувчи от зоти. Бельгиянинг жан. ва Франциянинг шим.-шарқидаги Арденна тоғлиги р-нида (номи шундан) чиқарилган. Арденна от зотининг тирик вазни 600 — 700 кг, бал. 148—160 см, кўкрак айла-наси 190—210 см, почасининг йўғонлиги 20—23 см атрофида. Россияга 19-а. нинг ўрталарида келтирилган.

Арденна от зоти асосида рус огир юк тортувчи от зоти ҳамда болтиқ бўйи от зоти яратилган. Австрия, Венгрия, Аргентина, Чилида ҳам боқилади. Арденна от зоти тез етилувчан, шунингдек ўта чидамли, озуқа танламайдиган отлардан ҳисобланади.