АРФА

АРФА (итал. агра) — учбурчак шаклидаги қад. торли тирнама соз. Дастлабки тасвирлари мил. ав. 3 – минг йилликка тааллуқли. Оддий кўринишдаги Арфа жаҳоннинг деярли барча халқларида учрайди. Турли халқлар орасида қадимдан тарқалган: грузинларда — чанги, абхазларда — аюмаа, осетинларда — дуадастанон, мансиларда тор – сапльюх ва б. Ўрта Осиёда қўлланилган чанг (чэнг) деб юритилган соз Арфанинг ўтмишдоши бўлган. Айритом фризида (1 — 2-а. лар) 13 торли Арфа чалаётган аёл-созанда тасвирланган (қ. Айритом).

Ҳоз. Арфанинг 44 — 46 тори бўлиб (диатоник добемоль мажорда созланган), вертикал резонаторли учбурчак шаклдаги рамага тортилган. Хроматик товушларни садолантириш ва б. тоналликка ўтказиш учун педал механизмидан (19-а. бошида француз устаси С. Эрар ихтиро қилган) фойдаланилади. У икки вазифани — торларни қисқартириш ва садони ярим тон ёки бир тонга баландлатиш ёки пастлатиш учун хизмат қилади. Оркестрда, ансамблда якканавоз ва жўрнавоз соз сифатида ишлатилади. Арфа товуши майин ва ёқимли. И. Бах, Г. Гендель, В. Моцарт, М. Равель, П. Хиндемит ва б. А. учун якканавоз асарлар яратишган. Арфа ижрочилигида Р. Н. Ш. Бокса, Ф. Й. Дизи, А. Цабель, И. Эйхенвальд, К. Эрдели, В. Дулова ва б. шуҳрат қозонишган. Ўзбекистонда Арфа симфоник ва опера оркестрлари таркибида ишлатилади. 50—60-й. ларда Тошкент консерваториясида Арфа синфи бўлган.