АРҒАНУН

АРҒАНУН, арған (араб., юн. органон) — махсус мешлардан йўналтириладиган ҳаво ёрдамида товушлар юзага келадиган йирик мусиқа чолғу асбоби. Арғанун Европа ва Шарқ халқлари мусиқа амалиётида қадимдан (мил. ав. 4-а.) машҳур бўлиб, ўрта аср қўлёзмаларида турлича тасвирланган. Қомусчи олимлар Бану Мусо бин Шокир (9-а.) ва Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий (Ю-а.)ларнинг маълумотларига кўра, Арғанун бир неча қорамол терисидан тайёрланган учта меш ва уларга бириктирилувчи 12 тадан 40 тагача бўлган йўғонингичка мис найлардан таркиб топган. Мешларга ҳаво бир неча киши ёрдамида пуфлаб киритилган — пневматик Арғанун, ҳаво сув босими ёрдамида садоланувчи — механик Арғанун, шунингдек ҳар бир найини бир киши чалган Арғанун турлари бўлган. 14 — 15-а. ларда А. Европада анча такомиллаштирилиб, унга клавишлар ўрнатилган (қ. Орган). Форобий, ал-Исфаҳоний, Ибн Сино, Хусрав Деғлавий, Алишер Навоий ва б. шарқ мутафаккирларининг асарларида Арғанун ва унинг ижросидаги мусиқанинг эстетик таъсир имкониятлари тасвирланган. 17 — 19-а. лардаги маълумотларга кўра, Арғануннинг бошқача шакллари ҳам шарқ халқларида кенг қўлланилган.