АРГАЗИД КАНАЛАР

АРГАЗИД КАНАЛАР (Argasidae) — паразитоформ каналар оиласи. Оч кана уз. 2 — 13 мм. Танаси ясси, бир мунча қалин қобиқ билан ўралган, қалқонлари бўлмайди. Қуруқликда яшовчи умуртқалилар қонини сўришга ихтисослашган паразитлар. Аргазид каналар узоқ вақт (11 йилгача) оч яшаши мумкин, лекин ҳайвонга ёпишиб жуда тез ва кўп миқдорда қон сўради. Қонга тўйган кананинг массаси оч канага нисбатан бир неча юз марта ортади. Ургочиси 50 — 200 тадан тухум қўяди. Кечаси фаол ҳаёт кечиради. Айрим турлари одам ва ҳайвонларга спирохетоз, вирус касалликларини юқтирувчи ҳисобланади (мас, товуқ спирохетозини эрон аргас канаси — Argas persicus тарқатади). Кана одам қонини сўрганида тери қичийди. Аргазид каналарнинг 100 га яқин тури мавжуд. Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудида эрон аргас канаси, каптар канаси (A. reflicus) ва Ornithodorus уруғининг турлари учрайди. Аргазид каналар уй ҳайвонларининг қонини сўриб катта зиён келтиради.