АРГЕНТИНА

АРГЕНТИНА (Argentina), Аргентина Республикаси (Republica Argentina) — Жан. Америкадаги давлат. Қитъанинг жан.-шарқий қисмини, Оловли Ер о. нинг шарқий қисмини ва бир қанча оролларни эгаллайди. Атлантика океани соҳилида жойлашган. Маъмурий жиҳатдан 22 вилоят (провинция), федерал (пойтахт) округи ва Оловли Ер ҳудудига бўлинади. Майд. 2767 минг км2. Аҳолиси 36,1 млн. киши (1999). Пойтахти Буэнос-Айрес ш.

Давлат тузуми. Аргентина — федератив республика. Амалдаги конституцияси 1994 й. 24 авг. да қабул қилинган. Давлат бошлиғипрезидент. Президент ва вице-президент 4 й. муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият — Миллим конгресс (парламент). Конгресс икки палата: сенат ва депутатлар палатасидан иборат. Ижрочи ҳокимият президент ва ҳукуматдир.

Табиати. Аргентинанинг шарқи кенг текисликлардан ва ғарби тоғлардан иборат. Мамлакатнинг бутун шим.-шарқини Ла-Плата пасттекислиги (Гран-Чако, Шарқий Пампа текислиги), жан.-шарқини Патагония ясси тоглиги эгаллайди. Ғарбдаги тоғ ён бағирлари баландлаша бориб, Анд тогларига уланиб ке-тади. Жан. Американинг энг баланд нуқтаси Аконкагуа (6960 м) ҳам Аргентина ҳудудидадир. Фойдали қазилмалари: нефть, газ, темир, полиметаллар, уран, мис, қалай, вольфрам ва б. рудалар. Аргентина текислик қисмининг иқлими — тропик ва субтропик, жан. да — мўътадил. Энг иссиқ ой (янв.)нинг ўртача ҳарорати шим. да 28°, жан. да 10°, июлнинг ўртача ҳарорати шим. да 18° ва жан. да Г. Тоғларда иқлим мўътадил совуқ. Йилига Патагонияда 100 — 300 мм, шим.-шарқда 1400 — 1600 мм, Анднинг шарқий ён бағирларида 5000 мм гача ёғин ёғади. Асосий дарёлари: Парана, Парагвай, Уруғвай, Рио-Саладо, Рио-Колорадо, Чубут, Рио-Негро. Аргентина кўлларининг аксарияти музликлардан пайдо бўлган (Науль-Уапи, Буэнос-Айрес, Вьедма ва б.). А. ҳуду-дининг салкам 20% доимий кўм-кўк ва барги тўкилувчи ўрмонлар билан қопланган. Гран-Чакодаги қизил тупроқда сийрак ўрмон, Пампадаги унумдор қоратупроқда пичанзор даштлар, Патагонияда — ярим чўл. А. нинг миллий боғлари — Игуасу, Ланин, Науэль-Уапи ва б.

Аҳолиси. Аргентинлар (мамлакат аҳолисининг 90%) асосан европалик муҳожирлардан шаклланган. Шунингдек итальянлар, яҳудийлар, украинлар, испанлар, каталонлар, поляклар, немислар, французлар ва б. лар ҳам яшайди. Туб жой аҳолиси — ин-дейсларнинг аксарияти европаликларнинг мустамлакачилик ҳаракатлари жараёнида қирилиб кетган. Уларнинг оз қисми (кечуа, тупи-гуаранлар ва б.) А. нинг шим.-ғарбида ва Парагвай билан бўлган чегара яқинида яшайди. Расмий тили — испан тили.

Диндорларнинг аксарияти католиклар. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2га 9 кишидан кўпроқ. Аҳолининг 86% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Буэнос-Айрес, Кордова, Росарио, ЛаПлата.

Тарихи. Қадим замонларда Аргентина ҳудудида кўп сонли индейс қабилалари яшар, уларда жамоа-уруғчилик муносабатлари хукмрон эди. Шим.-ғарбда диагитлар, чарруа ва керандилар энг ривожланган индейс қабилалари бўлган; улар ўтроқ ҳаёт кечирар, деҳқончилик, балиқчилик, овчилик билан шуғулланар, рангли металлар эритишни, тўқимачиликни билар эди. Шим.-шарқда ва марказда гуаранлар, тапеслар ва б. яшар, жанубда арауканлар ва патагонлар кўчиб юрар эди. 16-а. нинг 1-ярмидаҳоз. Аргентина ҳудуди испанлар томонидан босиб олина бошлади. Испанлар бу мамлакатни Рио-де-Ла-Плата (испанча кумуш) дарёси номи билан ЛаПлата деб атадилар. Мустамлакачиларга қарши индейс қабилалари бир неча марта исён кўтарди (1580, 1630, 1657, 1710-11 й. лар). 1776 й. да ҳоз. Аргентина ҳудуди бутунлай Рио-де-Ла-Плата вице-қироллиги таркибига қўшиб олинди. Аргентинада катта феодал ер эгалиги вужудга келди. Америкадаги испан мустамлакаларининг 1810 — 26 й. лардаги мустақиллик учун уруши вақтида креоллар (дастлабки испан келгиндиларининг авлодлари) М. Бельграно ва X. Сан-Мартин раҳбарлигида 1810 — 16 й. ларда испан мустамлакачиларига қарши қуролли кураш олиб бордилар. Кураш бошланган 25 май куни аргентин халқининг миллий бай-рами бўлиб қолди. 1816 й. да вилоятлар вакилларининг Тукуман ш. даги конгресси Ла-Плата Бирлашган вилоятларини мустақил деб эълон қилди. 1826 й. да А. Федератив Республикаси тузилди. 19-а. мобайнида вужудга кела бошлаган буржуазия манфаатларини ифодаловчи унитарийлар билан ер эгалари манфаатларини ҳимоя қилувчи федерациячилар ўртасида кураш давом этди. 19-а. 2-чорагидан Аргентинада Буюк Британия иқгисодий ва сиёсий мавқеи мустаҳкамланди, 1833 й. да у Фолкленд (Мальвин) о. ларини босиб олди. 19-а. охирларида мамлакатга Америка ва Германия капитали кириб келди. Ҳукмрон давлатлар Аргентинани сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қарамликка солиб, уни гўшт, дон ва б. хом ашё етказиб берувчи мамлакатга айлантирдилар. 19 — 20-а. лар бўсағасида Аргентинада саноат ривожланди. 19-а. нинг охиридан Аргентинада турли ҳарбий диктатуралар ҳукмронлик қилди. 2-жаҳон уруши йилларида Аргентина бетарафлик эълон қилган бўлса ҳам, аслида фашистларга кўмаклашди. 1945 й. мартидагина Германия ва Японияга қарши уруш эълон қилди. 1945 й. дан Аргентина — БМТ аъзоси. 1943 й. ги ҳарбий тўнтариш натижасида бир гуруҳ офицерлар ҳокимиятни қўлга олдилар. Уларнинг раҳбарларидан бири генерал X. Д. Перон (1946 – 55 ва 1973 — 74 й. ларда Аргентина президента) ҳукмрон ажнабий давлатларнинг мавқеини заифлаштириш ҳисобига мамлакатдаги юқори табақани мустаҳкамлаш сиёсатини юритди. 1976 й. да генерал Видела ҳукмронлиги даврида зўравонлик ва тартибсизликларга қарши қаттиқ чоралар жорий этилди, иқтисодиётни мустаҳкамлашга киришилди. 1981 й. да Роберто Виола президент этиб сайланди, аммо ҳарбийлар кейинроқ уни ағдариб ташладилар. Шу даврда (1982 й.) Фолкленд (Мальвин) о. лари Буюк Британияга қарашлилигини тан олмаган Аргентина уларни эгаллашга уриниб кўрди, лекин бу ҳаракат муваффақиятсиз чиқди. 1983 й. даги ялпи сайлов натижасида Рауль Альфонсин президент этиб сайланди. 1999 й. дан эса Фернандо де ла Руа Аргентина президента. 1993 й. 9 сент. да Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатлари ўрнатган.

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Фуқаро радикал иттифоқи, 1889 й. да тараққийпарвар зиёлилар томонидан тузилган; Бирлик ва тараққиёт ҳаракати, 1957 й. да Фуқаро радикал иттифоқи партиясидан ажралиб чиққан гуруҳ негизида тузилган; Халқ социалистик партияси, 1982 й. да тузилган; Муросасозлик партияси, 1963 й. да Бирлик ва тараққиёт ҳаракати партияси бўлиниши натижасида вужудга келган; Хустисиалистик (адолат) партияси, 1947 й. да X. Перон томонидан тузилган; Тараққийпарвар демократик партия, 1909 й. тузилган. Аргентинада Коммунистик партия, Социал-демократик партия, Демократик марказ иттифоқи, Христиандемократик партия ҳам бор. Умуммеҳнат конфедерацияси 1930 й. да тузилган.

Хўжалиги. Аргентина иқтисодий жиҳатдан Лотин Америкасида энг ривожланган мамлакатлардан бири. Фойдали қазилма конлари кўп, малакали ишчи кучига эга. Қ. х., саноатнинг турли тармоқлари ривожланган. Аммо 80-й. лар охирида бошқарувнинг самарасизлиги оқибатида Аргентина иқтисодиёти барбод бўлиш арафасида эди. 1989 й. да сайланган янги ҳукумат иқтисодиётни ислоҳ қилиш дастурини амалга оширди, натижада Аргентина яна барқарор ривожлана бошлади. 1991 й. да қабул қилинган конвертация тўғрисидаги қонунга биноан кўпчилик давлат корхоналари хусусийлаштирилди, иқтисодиётга чет эл инвестициялари жалб этила бошлади, бюджетга солиқлардан тушум яхшиланди, ишчиларга компенсация тўлаш тизими яратилди.

Саноати. Аргентина асосан, қ. х. хом ашёсини қайта ишлашга ихтисослашган. Етакчи тармоқ — озиқ-овқат (гўшт, ёғ, ун, виночилик, консерва, қанд-шакар) саноати. Гўшт етиштириш ва экспорт қилиш соҳасида Аргентина дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Тўқимачилик, чармпойабзал тармоқлари ривожланган. Оғир индустрияда машинасозлик (трактор, қ. х. машиналари, автомобиллар, станоклар, электр техника асбоб-ускуналари ва б.), нефтни қайта ишлаш, қора металлургиянинг салмоғи катта. Цемент, целлюлоза-қоғоз корхоналари бор. Нефть, газ, қўрғошин, pyx, темир, уран, бериллий ва вольфрам рудалари қазиб олинади. Ёқилғи-энергетика балансининг салкам 85% ни нефть ва газ ташкил қилади. АЭСлар қурилган. Асосий саноат марказлари: Буэнос-Айрес, Росарио, Кордова, Ла-Плата.

Қишлоқ хўжал иги . А. чорвачилик маҳсулотларини, дон ва мойли экинлар ҳосилини товар сифатида тайёрлашга ихтисослашган. Йирик ер эгалиги ривожланган: 1 минг га дан ортиқ ерга эга бўлган хужаликларга ҳамма ерларнинг 75% қарайди. Қ. х. га яроқли ерларнинг фақат 20% га экин экилади. Қ. х. нинг етакчи тармоғи чорвачилик бўлиб, унда гўшт етиштириладиган қорамолчилик ва гўшт-жун олинадиган қўйчилик устун туради. Аргентинада қорамоллар — 51 млн., қўйлар — 29 млн., чўчқалар — 4,1 млн. бошни ташкил этади. Деҳқончиликнинг етакчи тармоғи — ғаллачилик. Буғдой, маккажўхори, жавдар, сули, арпа, техника экинларидан — кунгабоқар, зиғир, пахта етиштирилади. Муҳим ем-хашак экини — беда. Боғдорчилик, токчилик ривожланган. Қимматбаҳо дарахт нави, жумладан дубил экстракти олинадиган кебрачо тайёрланади. Балиқ овланади.

Транспорти. Т. й. лар узунлиги — салкам 34,1 минг км, автомобиль йўллари — 211,4 минг км. Асосий порти — Буэнос-Айрес. Халқаро аэропорти — Эсейса (Буэнос-Айрес яқинида).

Четга чиқариладиган қ. х. маҳсулотларининг 80% гўшт, дон, ёғ, хом тери, жун, ҳўл меваларга тўғри келади. Четдан машиналар, транспорт воситалари, металл, ёқилғи, кимёвий товарлар келтирилади. Асосий савдо мижозлари: АҚШ, Бразилия, Италия, Германия ва Япония. Пул бирлигипесо.

Тиббий хизмати. Аргентинада 133,8 минг ўринли касалхоналар (1 минг аҳолига 6 ўрин) бор. 53,7 минг шифокор (450 аҳолига 1 шифокор) тиббий хизмат кўрсатади. Давлат соғлиқни сақлаш тизими тиббий ёрдамни суғурталаш ва хусусий шифокорлар хизмати билан бирга қўшиб олиб борилади. Шифокорларни ун-тларнинг 9 тиббиёт ф-ти тайёрлайди.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Аргентинада 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг мажбурий таълими жорий этилган. Давлат ўқув юртлари билан бирга хусусий мактаблар ҳам бор. Бошлангич мактабларда 3471 минг, ўрта ўқув юртларида (умумий таълим, ҳунар, пед. ва б. мактабларда) 1125 минг ўқувчи ўқийди. Буэнос-Айрес, Кордова, Ла-Плата, Санта-Фе ва б. шаҳарларда ун-тлар бор. Бир қанча тармоқ академиялари, и. т. институтлари ва илмий жамиятлар илмий тадқиқотлар олиб боради. Буэнос-Айресда Миллий кутубхона, ун-т кутубхонаси ва б. бор. Табиий фанлар, Антарктика, тарих, рассомлик ва б. музейлар мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Энг кўп тарқалган газ. лар: «Расон»(«Ақл-идрок», 1905 й. дан), «Пренса»(«Матбуот», 1869 й. дан), «Насьон»(«Миллат», 1870 й. дан), «Гасета» («Газета», 1912 й. дан). «Теленотисиоса американа» ҳукумат агентлиги 1945 й. ташкил этилган. 52 хусусий радиост-я алоҳида уюшмага бирлашган. Телекўрсатув 1951 й. дан мавжуд. 1959 й. да 22 хусусий телест-ялар уюшмаси тузилган.

Адабиёти. Аргентинада яшаган индейс қабилаларнинг оғзаки ижоди намуналари бизгача етиб келмаган. Бироқ халқ шеърияти ўзига хослигини сақлаб қолган. 16-а. дан 19-а. бошларигача адабиёт Испания адабиёти таъсирида ривожланди. 18-а. охири — 19-а. бошларида М. де Лаварден, Д. де Асуэнага ва б. лар ижодида маърифатпарварлик тамойиллари намоён бўлди. 1810 — 26 й. лар Испанияга қарши уруш ва миллий-озодлик ҳаракати даврида адабиётда ватанпарвар классицизм ҳукмронлик қилди. Б. де Монтеагудо, В. Ло-пес-и-Планес (унинг «Ватанпарварлик марши», 1810, А. мадҳияси бўлиб қолган), Э. де Лука, X. Крувес Варела асарлари пайдо бўлди. Мамлакат мустақиллиги эълон қилингандан кейин янги оқим вакили — файласуф ва миллий поэзия асосчиси Э. Эчеверриа шеърлар, драмалар, достонлар езди. Шоир, ҳикоянавис, тарихчи олим ва адабиётшунос X. М. Гутьеррес аргентин романтик прозасининг дастлабки намуналарини яратди. Публицист ва жамоат арбоби Д. Ф. Сармьенто ўткир мақолалар ёзди. 19а. 2-ярмида «гаучо адабиёти» урф бўлди, унинг асосини пампа аҳолисининг оғзаки ижоди ташкил қилар эди. 50 — 70-й. ларда И. Аскасуби асарлари (сиёсий ва лирик қўшиқлар, «Сантос Вега» шеърий романи, 1851), X. Мармоль (дастлабки миллий роман «Амалия», 1855), X. Эрнандес (унинг «Мартин Фьерро» қаҳрамонлик дос-тони, 1 — 2-қисмлари, 1872 — 79, миллий адабиётнинг энг салмоқли асаридир) асарлари ва б. дунёга келди. 19-а. ўрталарида халқ урф-одатларини ифодаловчи адабиёт вужудга келди. Бу оқим намояндалари Л. В. Лопес, Э. Вильде, М. Кане ва б. дир. 20-а. 20-й. ларида Б. Линч, Р. Гуйральдесларнинг ижтимоий романлари чиқди. 20-а. 2-ярмида Э. Л. Кастро, А. Варел, Р. Ларра, X. Кортасар романлари пайдо бўлди.

Тасвнрий санъати ва меъморлиги. Аргентина туб жой аҳолисининг мустамлакачиликдан аввалги санъати (16-а.) матоларга солинган геометрик нақшлардан, жиғалардан, гулдор ва жимжимадор сопол буюмлардан, тош, ёғоч ва лойдан ясалган ҳайкалчалардан иборат эди. Аргентинада миллий рассомлик 19-а. да юзага келиб, 20-а. бошларида тараққий этди. Рассомлар ижодида миллий мавзу, халқ образи катта ўрин эгаллади. 19-а. охирларида таркиб топган миллий ҳайкалтарошлик 20-а. ўрталарида бадиий юксакликка кўтарилди. Аргентинада маҳаллий халқ — индейсларнинг меъморий анъаналари кам сақланган. 18-а. дан бошлаб Аргентина меъморлигида барокко услуби ҳукмронлик қилди. Бу услубда қурилган бинолардан бири Кордовадаги Компания ибодатхонасидир. Ибодатхонага испан иезуитлари асос солганлар (1646). Ҳозир ибодатхона Кордова ун-ти мажмуасига киради. 18-а. охири ва 19-а. бошларида Аргентинада мумтоз меъморлик услуби тарқалди. Аввало, аниқ ва яхлит (мас, Буэнос-Айресдаги ибодатхона пешайвони, 1804), кейинчалик 19-а. охири — 20-а. бошларида эклектик ва ҳашаматли бинолар (Буэнос-Айресдаги «Колон» театри, 1908) қурилди. Бу давр турар жой бинолари кўпинча катта айвонли бўлган. 20-а. дан ҳоз. замон меъморлиги ривожланди. Буэнос-Айресда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида кўп қаватли, яхлит ойна ва темир-бетондан меҳмонхона, банк каби маъмурий бинолар кўплаб қурилган.

Муснқаси. Ҳоз. замон Аргентина ҳудудида яшаган индейс қабилалари ҳаёти ва турмушида мусиқа катта ўрин олган. Анд халқлари — айниқса кечуа ва бошқа ривожланган ва ўзига хос мусиқа маданиятига эга бўлган; уларнинг дилрабо ярави қўшиқлари, уайно рақс оҳанглари, чолғу асбоблари (кена найи ва зарбли асбоблари) ҳозиргача сақланиб қолган. Аргентина миллий мусиқа мактаби 19-а. охирларида таркиб топа бошлади. Буэнос-Айресдаги консерватория асосчиси, асосан европача куйлар, оркестр ва камер асарлар муаллифи А. Вильяме бу мактабнинг бунёдкорларидан бўлди. «Пампа» операсининг ижодкори А. Берутти Аргентинанинг йирик композитори бўлган. «Пампа» асарида аргентин халқ мусиқасига хос оҳанглар янграган. Буэнос-Айресда «Колон» опера театри, 2 консерватория, симфоник оркестр, Кордова ва Ла-Платада консерваториялар бор.

Театри. Индейс қабилаларининг рақслари ва маросим таомилларида театр ҳаракатлари элементлари бўлган. 16-а. да ҳаваскорлар труппалари майдонга келди. 1783 й. Буэнос-Айресда «Комедия уйи» номли биринчи театр биноси қурилди. 19-а. бошларида Л. А. Моранте, К. Энрикес, X. М. Санчес каби маҳаллий драматургларнинг пьесалари шуҳрат топди. 19-а. нинг 80-й. ларида бош қаҳрамони чорвадор, деҳқон бўлган романтик мелодрама жанри юзага кедди. 19-а. да ва 20-а. бошларида «Виктория», «Аполо»театрларида ижтимоий исён мавзуидаги пьесалар қўйилди. 1920-й. ларда Аргентина театри инқи-розга учради. Аммо бир неча мустақил I театрлар вужудга келиб, театр санъатини қайта тиклаш ва яхшилашга киришилди. Уларда миллий драматурглардан О. Драгун, А. Кусани, К. Горостиса, Л. Барлетталарнинг асарлари қўйилди. 1935 й. да Буэнос-Айресда Миллий комедия театри билан Миллий театршунослик ин-ти ташкил топди. 1943 й. да Давлат қўғирчоқ театри тузилди. Мусиқий театр 1825 й. да Буэнос-Айресда биринчи опера спектакли — «Севильялик сартарош» (Ж. Россини асари)ни намойиш қилди. 1877 й. да Ф. Аргреавес биринчи Аргентина операси «Оқ мушук»ни яратди. 1925 й. дан миллий балет труп-паси иш бошлади: «Кометалар», «Панамби» каби миллий балетлар кўрсатилди. Ҳоз. вақтда Буэнос-Айрес Аргентина театр санъатининг маркази бўлиб, бу ерда «Эль Пуэбло», «Ла Маскара», «Фрай Мочо» каби мустақил театрлар, Миллий комедия театри, «Одеон» каби тижорат театрлари ишламоқда.

Кнносн. Аргентинада фильм яратиш 1897 й. дан бошланди. 1908 й. да италиялик реж. М. Гальо «Доррегонинг отилиши»деган биринчи фильмни яратди, унда театр актёрлари иштирок этишди. Кейинчалик реж. X. А. Феррейра («Гаучо қўшиғи», 1930), Л. Заславский («Қочиш», 1937) ва б. бир неча фильм яратдилар. У Петит де Мурат («Гаучо уруши»), С. Пондель Риос («111-километр»), Э. Аморим («Кекса доктор») каби киносценарийчилар баракали ижод қилдилар. Кейинги йилларда ишқий саргузашт фильмлар, кинокомедиялар ишланди, айрим адабий асарлар экранлаштирилди. Аргентина йирик кино и. ч. фирмалари: «Архентина соно филмс», «Контракуадро». Буэнос-Айресда Кино санъати ва кино фани академияси, Миллий кинематография ин-ти ишлаб турибди.

Loading...