АРГОН

АРГОН (Argon), Ar — элементлар даврий системасининг VIII гуруҳи элементи, инерт газлар жумласидан. Тартиб рақами 18, ат. м. 39,948, биринчи марта 1894 й. да ҳаводан ажратиб олинган. Аргон рангсиз ва ҳидсиз газ. Суюқланиш т-раси 189,4°, қайнаш т-раси 185,87°. А. одатдаги т-рада атомар ҳолда бўлади, бирикиш реакцияларига киришмайди. Атмосферада Аргоннинг учта барқарор изотопи бор: Аг40 (99,6%), Аг38 (0,063%), Аг36 (0,337%). А. нинг бир неча сунъий радиоактив изотоплари ҳам олинган: Аг39 (ярим емирилиш даври 265 й.), Аг37 (ярим емирилиш даври 34 кун). У бошқа инерт газларга қараганда кўпроқ учрайди. Аргон ҳавода ҳажм жиҳатдан 0,993%ни ташкил қилади. Аргоннинг валентли, яъни ионли ва ковалент бирикмалари олинмаган, аммо Аг.6Н2О ва шунинг каби бир неча молекуляр бирикмаси олинган. Аргон кимё саноатида инерт муҳит вужудга келтиришда, электр лампочкаларини тўлдиришда, реклама найларини (кўкҳаво ранг шуълаланади) ва юқори частоталар техникасида ишлатиладиган найларни тўлдиришда қўлланилади.