АРИСТОКСЕН (Aristoksenos) (мил. ав. 354, Тарент — тахм. 300) — юнон мусиқа назариётчиси. Аристотелнинг шогирди. Уч китобдан иборат «Гармоника» асари, «Ритмика»сидан парчалар бизгача етиб келган. Танқидий ўзлаштирилган Пифагор таълимоти билан Аристотель ғояларини қўшишга ҳаракат қилган. А биринчилардан бўлиб, мусиқа товушлари бевосита эшитилиши билан «соф созли товушлар тизмаси» ўртасида фарқ мавжудлигини кўрсатди. Мутлақ баландлик, интерваллар, лад (тузук) яратилажак модуляция, композицией принципи жиҳатидан фарқ қилувчи «гармоник» (мусиқа) ҳодисалар тизимини ишлаб чиқди; интервалларнинг садоланиши жиҳатидан консонант ва диссонантлигини баён қилди. Аристоксен таълимоти, айниқса, ўрта асрлардаги Шарқ мусиқа назариясига ҳамда Уйғониш мусиқа намояндаларига таъсир қилди.