АРИСТОТЕЛЬ

АРИСТОТЕЛЬ (Aristoteles), Арасту (мил. ав. 384/383, Стагира – 322/321, Эвбея о., Халқида) — Юнонистоннинг буюк файласуфи. Мил. ав. 367 й. да Афинага бориб, Платон академиясида таҳсил кўрди, 20 й. унинг ишларида иштирок этди. Мил. ав. 343 й. дан эътиборан Македония подшоҳи Филипп таклифи билан шаҳзода Александрта мураббийлик қилди. Мил. ав. 335 й. да Афинага қайтиб, ўзининг Ликей мактабини ташкил қилди. Александр вафотидан сўнг 323 й. да худосизликда айбланиб, Эвбея Халқидасига қочишга мажбур бўлди ва умрининг охиригача шу ерда яшади.

Аристотель қомусий билимлар соҳиби, перипатетика мактаби асосчиси, унинг таълимоти айрим, алоҳида фанларни фалсафий нуқтаи назардан ёритиб берди. Фан соҳаларини таснифлашда фалсафий тизим яратиш билан Аристотель инсоният тафаккурини ривожлантиришга жуда кучли таъсир кўрсатди.

Аристотель ижоди ўз замонидаги деярли барча билим соҳаларини қамраб олди. Ўзининг «илк фалсафа» га оид («Метафизика») асарида Платоннинг ғоялар назариясини танқид қилди. «Платон ғоялари» мод-дий предметларнинг оддий нусхаси, айнан ўзи эканини кўрсатди. Аристотель айримлик ва умумийликнинг ўзаро муносабати масаласини ҳал этди. Айримлик «бирон-бир жой»дагина ва «ҳозир»дагина мавжуддир, уни ҳис билан идрок этиш мумкин. Умумийлик эса ҳар қандай жойда ва ҳар вақтда («ҳамма ерда» ва «ҳамма вақт») мавжуд, у муайян шароитда айрим ҳолда юзага келиб, шу айримлик орқали идрок қилинади. Шунингдек умумийлик — фан предмети, уни ақл воситасида билиб олиш мумкин. Аристотель оламдаги ҳодисалар ва предметларнинг сабабларини тўрт гуруҳга бўлади:

1) моддий сабаб ёки материя;

2) шаклий сабаб ёки шакл;

3) юзага келтирувчи сабаб;

4) охирги сабаб ёки мақсад. Гарчи Аристотель материяни дастлабки сабаблардан бири, деб эътироф этса ҳам, уни фақат пассив асос, имконият холос, қолган уч сабабни эса — фаол сабаб, деб ҳисоблайди. Mac, унинг фикрича, шаклсиз ҳеч қандай нарсанинг бўлиши асло мумкин эмас, шакл — борлиқ моҳиятидир, шакл — абадий, ўзгармас ва моддий сабабдан устунрокдир. Юзага келтирувчи сабаб ҳаракат ёхуд турғунлик ман-баидир. Ҳаракат, дейди Аристотель, биронбир нарсанинг имкониятдан воқеликка ўтишидир. Ҳаракатнинг тўрт тури бор, булар: сифатли ҳаракат ёки ўзгариш; миқдорий ҳаракат ёки кўпайиш ва камайиш; жойни ўзгартириш ёки макондаги ҳаракат; вужудга келиш ва йўқ бўлишдан иборат. Охирги сабаб ёки мақсад — ҳаракат, ўзгариш, инсон фаолиятининг оқибатидир. Аристотель таълимотига биноан, худо — ўз қонунлари бўйича ривожланаётган барча шакллар, табиатдаги жамики ҳодисалар ва ҳамма мавжуд нарсаларнинг олий мақсади, «шаклларнинг шакли», мақсади, оламни ҳаракатга келтирувчи илк кучдир. Аристотель назариясига кўра, хар кандай реал мавжуд бўлган айрим нарса «материя» билан «шакл»нинг бирлигидан иборат, «шакл» эса нарсанинг ўзига хос «кўриниши»дир, унга ҳам «материя», ҳам «шакл» деб қараш мумкин. Шу тариқа бутун воқе олам «материя»дан — «шакл» га ва «шакл»дан — «материя»га изчил равишда ўтиш жараёнидан иборат.

Аристотель билиш ҳақидаги таълимотида «диалектик» билиш билан «аподиктик» билишни бир-биридан фарқлайди. «Диалектик» билиш — тажриба самараси бўлмиш «фикр»ни, «аподиктик» билиш эса ишончли билимни вужудга келтиради. Аммо Аристотель тажрибани ишончли билимнинг олий даражаси, деб ҳисобла-майди, унинг фикрича, билимнинг энг олий қонунқоидалари бевосита ақл воситасидагина идрок этилади.

Аристотель мантиқ илмининг асосчисидир. Аристотель яратган ва «аналитика» деб номлаган мазкур фан тафаккурнинг тушунча, муҳокама, хулоса каби асосий шаклларидан, айният, қарама-қаршилик ва учинчиси истисно қонунларидан, фикрни исботлаш ёхуд рад этиш ус-лубларидан, бир қанча категориялардан иборат. Мантиқ «илк фалсафа» («метафизика») билан биргаликда фан соҳаларининг фалсафий тасниф тизимини ташкил этади.

Биология соҳасидаги А. Илмий хизматларидан бири — ўсимлик ва ҳайвонот турларининг биологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги таълимотидир. Ўсимликларнинг уруғдан ўсибривожланиши, ҳайвонлардаги инстинктларнинг мақсадга мувофиқ тарзда юзага келиши, аъзоларининг ўзаро мутаносиб равишда ҳаракат қилиши — табиатдаги мақсадга мувофиқлик намунасидир.

Аристотель жаҳон илм тарихида илк бор ахлоқ фани — этикага асос солди. Унинг ахлоқ соҳасидаги маънавий идеали Худодир, Худо энг олий файласуф ва мутафаккирдир. Аристотель ақл-заковатнинг кузатиш, мушоҳада қилишдан иборат фаолиятини барча неъматлардан устун қўяди, уни эзгулик, роҳат ва лаззат манбаи, деб билади. Амалий фаолият эса ҳамиша ҳам ақл ҳукмига бўйсунавермайди, бинобарин кундалик ишларда ҳам ақл, ҳам ҳаётий тажрибани ишга солиб ўрта йўлни танлаган маъқул.

Аристотельнинг сиёсий қарашлари «инсон — ижтимоий маҳлукдир» деган ғояга асосланади, яъни оила, жамият, давлат — инсон ҳаёти ва фаолиятининг асосий соҳаларидир, буларсиз у яшай олмайди. Аристотель оилавий ва ижтимоий тарбияни давлат тузумини мустаҳкамлаш воситаси, деб билади, бинобарин мактаб фақат давлатники бўлиши, унда барча фуқаролар (қуллардан ташқари) аввало давлат тузуктартиботидан сабоқ берувчи илмларни эгаллаши шарт. Аристотель давлат масаласида ҳар қандай арбоб қулай сиёсий шарт-шароит вужудга келишини кутиб ўтирмай, мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, яхши конституция асосида кишиларни бошқара билиши, биринчи галда ёш авлоднинг жисмоний ва ақлий тарбияси ҳақида қайғуриши лозим, деб ҳисоблайди. Аристотель давлатни идора этишнинг учта маъқул ва учта номаъқул шакли мавжуд, деган ғояни олға суради. Яхши бошқарув шакллари амал қилган давлатда ундан ғаразли мақсадларда фойдаланиш имкони истисно этилади, ҳокимият эса бутун жамият хизматида бўладики, булар — монархия (якка подшо ҳукмронлиги), аристократия (аслзодалар ҳукмронлиги) ва «полития» (ўрта табақа, мўътадил демократия ҳукмронлиги)дир. Аксинча, тирания (золимона ҳукмронлик), соф олигархия (қудратли кишилар тўдасининг ҳукмронлиги) ва охлократия (ҳаддан ошган оломон ҳукмронлиги) — монархия, аристократия ва «полития» шаклларининг вақт ўтиши билан батамом айниган, юз тубан кетган кўринишидир.

Аристотель нингтарбия назарияси зами-рида ахлоқий ва руҳий қарашлари ётади: тарбиядан мақсад — руҳнинг олий жиҳатлари бўлмиш ақл-заковат ва иродани камол топтиришдир. Тарбиянинг ўзаро чамбарчас боғлиқ уч жиҳати — жисмоний, ахлоқий ва ақлий тарбия — руҳнинг уч турига мувофиқ келади, яъни камолатга эришишнинг ҳаракатлантирувчи кучлари — табиий қобилият, кўникма ва ақлидрокдан иборат ҳамда тарбия иши айни шу кучларга асосланиши зарур.

Аристотель ўз иқтисодий таълимотидакуллик — табиий бир ҳодиса ва у доимо и. ч. негизи бўлиши лозим, деган нуқ-таи назарга суянади. У товар-пул му-носабатларини тадқиқ этиб, натурал хўжалик билан товар и. ч. ўртасидаги тафовутларни англаб етиш даражасига яқин келди. Унингча, бойлик икки турдан иборат: истеъмол қийматлари йиғиндиси сифатидаги бойлик ва товар айирбошлаш қийматлари сифатидаги бойлик. 1-тур бойлик (уни Аристотель «табиий бойлик» деб атайди) манбаи — деҳқончилик ва ҳунармандчилик бўлиб, кишиларнинг туб эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилади. 2-тур бойлик эса (уни Аристотель «ғайритабиий бойлик» деб номлаган) аксинча, бевосита эҳтиёж буюмларидан иборат бўлмай, ўзаро айирбошлаш, муомала негизида вужудга келади. Бойлик 1-турининг миқдори инсон эҳтиёжлари билан чегараланса, 2-турининг миқдорини эса асло чеклаб-чегаралаб бўлмайди. Шунингдек Аристотель истеъмол қиймати билан товар қиймати ўртасидаги чегарани биринчи бўлиб белгилаб берди, турли хил товарларии фақат пул воситасида ўзаро қиёслаш мумкин, деб ҳисоблади.

Аристотельдан жуда бой фалсафий мерос қолган. Улар орасида энг машҳурлари: «Полития», «Ғоялар ҳақида», «Фаровонлик ҳақида», «Биринчи аналитика», «Иккинчи аналитика», «Категориялар», «Физика», «Метафизика», «Жон ҳақида», «Никомах ахлоқи», «Евдем ахлоқи», «Ахлоқи кабир», «Сиёсат», «Экономика», «Этика», «Поэтика», «Риторика» ва б.

Аристотель барча замонлар олимлари устоз деб билган буюк аллома. Унинг қомусий асарлари, Шарқ мутафаккирлари ижодида ҳам чуқур из қолдирган. 7 — 8-а. лардан бошлаб айниқса Ҳорун ар-Рашид ва Маъмун даврида Араб халифалиги ҳудудида Аристотель асарлари таржима этилиб ўрганилди, уларга ўнлаб изоҳ ва шархлар битилди. Бу ишда Ўрта Осиёнинг улуғ олимлари катта роль ўйнади. Абу Наср Форобий А. нинг «Метафизика», «Жон ҳақида», «Этика», «Категориялар», «Топика», «Аналитика» ва б. асарларига илмий шархлар ёзиб, «Шарқ Арастуси» деган унвонга сазовор бўлди. Абу Али ибн Сино ўз устозларининг илғор ғояларини янада ривожлантириб, Аристотель ва Форобийдан кейин «Учинчи муаллим» деб аталди. Ибн Сино билан Беруний ўртасида Аристотельнинг «Осмон ҳақида» ва «Физика» асарлари тўғрисидаги мунозараси ватанимизда Аристотель меросига кизиқиш беназир бўлганидан далолат беради. Араб файласуфи Ибн Рушд ўз салафлари Ҳунайн ибн Исҳоқ, Исҳоқ ибн Ҳунайн, Матто ибн Юнус ва Яҳё ибн Адий, ал-Киндий каби Аристотель ижодини тарғиб этиб, асарларига шарҳлар ёзиб, «Буюк Шориҳ» деган ном олди. Ўрта аср Шарқида Аристотель таълимотини давом эттириб, уни Европага танитиб, етук илмий асарлар яратган файласуфлар бутун дунёда «Шарқ аристотелчилари» унвони б-н машҳурдир.

Ас: Соч. в 4 тт., М., 1975 — 83; Поэтика [рус тилидан Маҳкам Маҳмудов таржимаси], Т., 1980.

Музаффар Хайруллаев.

Loading...