АРИХЎРЛАР (Pernis) — йиртқич қушлар туркумининг қарчиғайсимонлар оиласига мансуб уруғнинг номи. Уларнинг икки тури булиб, Европа ва Осиёда тарқалган. Арихўрлар қишлаш учун Африка ва Осиёнинг жан. га учиб кетади. Ўзбекистонда битта тури ҳар замонда (баҳор ёки кузда) учраб қолади. Арихўрлар баланд дарахтли ўрмонларда яшайди. Уясини дарахтларга қуради. Баъзан иккита тухум қўяди ва тухумини урғочиси босади. Жўжаларини боқишда эркаги ҳам ёрдамлашади. Бу қуш ари, қовоқари, асалари каби ҳашаротлар билан озиқланади. Ана шу ҳашаротлар тарқалган жойларда учрайди.