АРИЗА

АРИЗА — 1) муайян муассаса ёки мансабдор шахс номига бирор илтимос мазмунида ёзиладиган расмий ҳужжат, энг кўп тарқалган иш қоғози. Mac, боғча мудираси, мактаб директори, олий ўқув юрти ректори, давлат ёки хусусий корхона ёхуд нодавлат ташкилоти ёки жамият ва ҳ. к. раҳбари номига ишга, ўқишга кириш ва улардан бўшатиш, иш ёки уй-жой шароитини яхшилаш, нафақа белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш, таътил бериш, жамоат ёки акциядорлик жамиятларига аъзо бўлиб кириш ва ҳ. к. мавзулардаги Ариза лар;

2) ҳуқуқда (арз) — давлат органи, суд, корхона, муассаса, ташкилотга, жа-моат бирлашмаси ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органларига биронбир масала бўйича якка тартибда ёки жамоа бўлиб оғзаки ёхуд ёзма равишда қилинган шикоят. Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида» Қонунида (1994 й. 6 май) А. ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар томонидан берилиши мумкинлиги кўрсатилган. Қонун талабига кўра, Аризаларни кўриб чиқиш ўз ваколатига кирадиган давлат органлари, жамоат бирлашмалари, уларнинг мансабдор шахслари, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари Аризаларни ҳар то-монлама, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқишлари; қонунга асосланган қарорлар қабул қилишлари ва улар ижросини таъминлашлари; А. ларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида фуқароларга маълум қилишлари шарт. Аризада баён этилган талабларни қондиришнинг рад этилиши, сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма тарзда фуқарога маълум қилиниши лозим. Аризаси бўйича қабул қилинган қарор устидан фуқаролар ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Фуқароларнинг Ариза лари давлат органига, жамоат бирлашмасига, корхона, муассаса ва ташкилотга тушган кундан эътиборан бир ойгача муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб қилмайдиган масалалар эса 15 кундан кечиктирмай ҳал қилиниши шарт. Аризани ҳал этиш учун махсус текширувлар ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлса, тегишли орган, корхона, муассаса, ташкилот раҳбарининг ўринбосари Аризани ҳал этиш муддатини, истисно тариқасида, узайтириши мумкин, бироқ бу муҳлат бир ойдан, Аризани кўриб чиқиш умумий муддати 2 ойдан ошмаслиги, бу ҳақда Ариза берган шахсга маълум қилиниши шарт. Аризада фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва Аризанинг моҳияти баён этилган бўлиши лозим. Агар ушбу маълумотлар Аризада кўрсатилмаган бўлса, ундай Ариза аноним хат ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди. Жиноят ҳақидаги имзосиз, қалбаки имзоли ёки уйдирма шахс номидан ёзилган Ариза аноним ҳужжат ҳисобланиб, жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўла олмайди. Ариза арз қилувчи шахс томонидан имзоланиши лозим (ЎзР ЖПК 322 — 323-модда). Оғзаки Аризани қабул қилган мансабдор шахс томонидан бу ҳақда баённома тузилади, унда арз қилувчи, унинг яшаш ва ишлаш жойи, шахсий ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши, арз қилувчи ҳужжат кўрсата олмаса, унинг шахси тўғрисидаги маълумотларни бошқа йўллар билан текшириш чораси кўрилиши керак (яна ЎзР ФПК 40 — 45, 100, 148 — 157, 159-моддаларига қ.). Фуқа-роларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик учун ЎзР МЖК 43-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган.