АРМАНИСТОН

АРМАНИСТОН, Арманистон Республикаси (Хайастани Ханрапетутюн) — Закавказьенинг жан. қисмида жойлашган давлат. Шим. да Грузия, шарқда Озарбайжон, жан. да Эрон, ғарбда Туркия б-н чегарадош. 37 та туман, 27 та шаҳар, 31 та шаҳарча бор . Майд. 29,8 минг км2. Аҳолиси 3,412 млн. киши. Пойтахти — Ереван ш.

Давлат тузуми. Арманистон — демократик республика. Давлат бошлиги — президент. Қонун чиқарувчи олий органи — Миллат мажлиси (1995 й. дан). Олий ижроия ва фармойиш берувчи органи — Вазирлар Кенгаши.

Табиати. Арманистон — тоғли мамлакат, рельефи мураккаб, паст-баланд. Ҳудудининг 90% га яқини денгиз сатҳидан 1000 м дан баланд. Ер юзасининг денгиз сат-ғидан энг юқори нуқтаси 4090 м (Арагац тоғи), энг паст нуқтаси 350 м. Республиканинг шим. ва шим.-шарқида Кичик Кавказ тизмаси, жан. да Арманистон ясситоғлиги бор. тоғ тизмалари оралигида Памбак ва Широқ водийлари, Севан ҳавзаси, Арманистоннинг жан.-ғарбида — тоғлар оралигида — Арарат текислиги жойлашган. Арманистонда мис-молибден, мис колчедани, полиметалл рудалар, олтин, темир рудаси, нефелин бўёқлари, бентонит гиллари, тош туз конлари бор. Бинокорлик материаллари (мармар, доломит, туф, пемза, обсидион, перлит) захиралари анчагина. Республика субтропик минтақада жойлашган. Арманистон иқлими хилма-хил. Текислик ва тоғ этакларида июлнинг ўртача т-раси 24°, 26°, янв. ники — 5°, йиллик ёгин миқдори 200 — 400 мм. Плато ва тоғ ён бағирларида июлнинг ўртача т-раси 18°, 20°, янв. ники — 4°, йиллик ёгин миқдори 500 мм. Жан.шарқ ва шим.-шарқда иқлими қуруқ субтропик. Арманистонда энг юқори т-ра 42° (Араке водийсида), энг паст т-ра — 46° (шим.ғарбда). Қор қатламининг қалинлиги 10 — 200 см. Дарёларнинг купи Араке дарёси ирмоқларидир, фақат Арманистон шим. даги дарёлар Кура дарё тизимига киради. Арманистон дарёларида кема қатнай олмайди. Дарёларнинг умумий гидроэнергия захираси 1700 минг кВт. А. да юздан ортиқ майда кўл бор. Энг каттаси — Севан. Унда машҳур гулмоҳи (форель) балиғи овланади. Мингга яқин минерал булоқ бор. Арманистонда хилма-хил тупроқлар учрайди; республика майд. нинг ярмига яқини қора тупроқли. тоғ этакларида тиканли буталар, арча, тол, наъматак ўсади. Ўрмон ва бутазорлар Арманистон ҳудудининг 12% ни эгаллаган. Шим.-шарқда бук, жан. да дуб ва граб ўрмонлари мавжуд. Арманистонда умуртқали ҳайвонларнинг 450 тури бор. Шундан 70 тури сут эмизувчилар, 300 тури паррандалар, 40 тури судралиб юрувчилар, 23 тури балиқлардир. Кўриқхоналари: Дилижон, Хосров ва б. Севан миллий боғи бор.

Аҳолиси. Арманистоннинг асосий аҳолиси — арманлар (3 млндан ортиқ). Руслар, курдлар, грузинлар, украинлар ва б. ҳам яшайди. Аҳолининг 69,5% шаҳарларда истиқомат қилади. Расмий тили — арман тили. Диндорлар асосан христиан-монофисийлардир. Йирик шаҳарлари — Ереван, Гюмри, Ванадзор.

Тарихи. Археологик қазишлар натижасида ҳоз. Арманистон ерларида қуйи палеолитнинг шелль ва ашель даврига оид тош қуроллари топилди. Арманистон тоғ этакларида тўртламчи даврнинг биринчи ярмида ибтидоий одамлар яшаган. Арманистонда неолит ёдгорликлари, қ. х. ва чорвачиликнинг дастлабки ривожидан далолат берувчи энеолит маданияти ҳам очилган. 1956 й. Севан кўлининг суви қуритилиб, археологик қазиш ишлари ўтказилганда мил. ав. 2 мингинчи й. га оид тарихий ёдгорликлар топилди. Урарту қулдорлик давлати маданияти (мил. ав. 9-а.) темир даврининг ёдгорлигидир. Арман халқи қад. ҳай, арман, урарт ва б. қабилаларнинг бирлашувидан пайдо бўлган. Мил. ав. 6-а. да арман қабилалари Урарту давлати ерларини эгаллаган. Мил. ав. 6-а. охирларида Арманистон Эрон Ахоманийлар давлати таркибига кирган. Македониялик Александр Эрон давлатини тор-мор келтиргач, Арманистон ерлари ҳам унинг империясига қўшилди. Мил. ав. 4-а. охирларида Кичик Арманистонда ва Арарат водийсида мустақил арман подшоликлари ажралиб чиқди. Жан.-ғарбий Арманистон ва Жан. Арманистон тобе подшоликлар сифатида Салавкийлар давлати таркибига кирди. Тахм. мил. ав. 220 й. Арарат подшолиги б-н Жан. Арманистоннинг бирлашувидан Буюк Арманистон ташкил топди. Салавкийларнинг римликларга қарши курашдаги мағлубияти (мил. ав. 190 й.)дан фойдаланиб, Буюк Арманистон 6-н Софена мус-тақилликка эришди. Арманистон Тигран II Арташес (мил. ав. 1-а.) даврида савдо ва маданияти ривожланган йирик давлатга айланди. Мил. 1-а. дан Буюк Арманистон Рим билан Эрон давлати ўртасида кураш майдони бўлиб қолди ва инқирозга юз тута бошлади. 3-а. бошларида Арманистонда феодал муносабатлар юзага кела бошлади. Айниқса, 4-а. да христиан динининг қабул килиниши натижасида арман черкови феодализмнинг қудратли ташкилотларига айланди. 387 й. да А. Эрон сосонийлари ва Византия ўртасида тақсимланди. Арманистоннинг катта қисми Эроннинг вассалига айланиб қолди. 7-а. нинг 2-ярмида Арманистон араб халифалигига бўйсунди. Арман халқи босқинчиларга қарши бир неча бор (450 – 451, 482 – 484, 571 – 572, 747 – 750, 772 – 775, 850 – 855 й. лар) қўзғолон кўтарди. Миллий маданиятни сақлаб қолиш учун олиб борилган кураш натижасида арман феодал адабиёти ва меъморлиги ривожланди. 393 й. да Месроп Маштоц арман алифбосини яратди. Арабларга қарши узоқдавом этган кураш жараёнида багратийлар подшолиги ташкил топди. Багратийлар сулоласига асос солган Ашот I даври (886 — 891)да араб халифалиги ва Византия императори Арманистон мустақиллигини тан олди. Ашот II (914 — 928) Севан кўли атрофида араб қўшинини мағлубиятга учратди (921) ва ўзини Арманистон князларининг князи деб эълон қилди. Ашот III (953 — 977) мамлакатни бирлаштириш, марказлашган ҳокимиятни мустаҳкамлаш сиёсатини юргизди. Мамлакатда каттакатта иншоотлар қурилди. Иқтисодий ва маданий ҳаёт юксала бошлади. Двин, Ани, Каре, Нахичеван ҳамда Ван мамлакатнинг йирик маданий шаҳарларига айланди. Лекин феодалларнинг бирбирига қарши уруши арман давлатини парчалаб юборди. Византия империясининг босқинчилик сиёсати эса мамлакатни тушкунликка учратди. Арманистонни 11-а. да салжуқийлар, 13-а. да мўғуллар, 14-а. да Амир Темур босиб олди. 16 — 18-а. ларда Туркия билан Эрон ўртасида кураш майдонига айланди. 1555 й. да Туркия билан Эрон ўртасида тузилган битимга асосан Туркия Ғарбий Арманистоннинг катта қисмини, Эрон эса Шарқий Арманистонни олди. 1801 й. дан Шарқий А. Эрон зулмидан озод қилина бошлади. 1828 й. ги рус-эрон уруши натижасида Эреван ва Нахичеван хонликлари Россияга қўшилди. 1877 — 78 й. лардаги рус-турк уруши натижасида Каре ва Ғарбий Арманистоннинг айрим ҳудудлари Россияга кўшиб олинди. 1917 й. да ҳокимият дашноқлар қўлига ўтди. 1918 й. езда Туркия Брест сулҳи шартномасини бузиб, Арманистоннинг катта қисмини босиб олди. 1918 й. нояб. да уларнинг ўрнини инглиз қўшинлари эгаллади. 1920 й. да совет ҳокимияти ўрнатилди ва Арманистон ССР тузилди. 1922 й. дан Арманистон Закавказье федерациясига, 1936 й. дан бевосита СССР таркибига кирди. 1990 и. авг. да А. Олий Кенгаши уни А. Республикаси деб аташ тўғрисида қарор қабул қилди. 1991 й. 24 сент. да Арманистон мустақил деб эълон қилинди. ЎзР билан дипломатия муносабатларини 1995 й. 27 окт. да ўрнатган.

Сиёсий партиялари ва жамоат ташкилотлари. Арманистонда 20 дан ортиқ сиёсий партия фаолият кўрсатмоқда. Булар: А. умуммиллий ҳаракати, Либерал-демократик партия, Республика партияси, Христиан-демократик партия, Миллийконсерватив партия, Миллий уйғониш партияси, Миллий ўзлигини англаш бирлашмаси, Конституцион ҳуқуқ иттифоқи, Миллий-демократик иттифоқ. Арманистон миллатпарвар партияси ва б. Энг муҳим жамоат ташкилотлари: Касаба уюшмалари конфедерацияси. Умумарман «Айастан» жамғармаси, Республика хотин-қизлар кенгаши ва б.

Хўжалиги. Арманистон саноатлашган ва кўп тармоқли қ. х. яхши ривожланган мамлакат. Асосий тармоқлари: рангли металлургия, машинасозлик, кимё, нефть кимёси, озиқ-овқат саноати, бинокорлик материаллари, сабзавотчилик, узумчилик, мевачилик. Ялпи ички маҳсулот тизимида саноатнинг улуши 48,3%, қ. х. нинг улуши 25,7% ни ташкил этади.

Саноатида аниқ станоклар, деворбоп туф материаллари, молибден концентрати, мис купороси, кўчма электр ст-ялар, марказдан қочирма насослар, соатлар, тозаланган мис, кальций карбид, сирка кислотаси, синтетик каучук, автопокришкалар, темирчилик-пресс машиналари, электр моторлар, компрессорлар, гидронасослар, лифтлар, мармар, гиламлар, трикотаж, кийим-кечак, пойабзал, мева консервалари, эфир мойли маҳсулотлар, вино-коньяк и. ч. асосий ўрин тутади. Электр энергетика соҳасида Раздан, Ереван иссиқлик электр ст-ялари, 6 ст-ядан иборат Раздан каскади ишлаб турибди. Йилига 9,5 млрд. кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Асосий саноат марказлари: Ереван, Гюмри, Чаренцаван, Абовян, Дилижон ва б.

Қишлоқ хўжалиги. Қ. х. га яроқли ерлар кам бўлишига қарамай, қ. х. кўп тармоқли. Суғорма деҳқончилик катта аҳамиятга эга. Йирик каналлари: Арташат, Арзни-Шамирам ва б. Мева ва резавор мева хрсили 156 минг т, узум ҳосили 144 мингт. Экинзорлари 437 минг га, шу жумладан ғаллазорлар 32% (бурдой, арпа), ем-хашак экинзорлари 58%. Ялпи дон ҳосили 0,2 млн. тонна. Картошка, сабзавот, тамаки, қандлавлаги етиштирилади. Чорвачилик асосан сут-гўшт, жун етиштиришга ихтисослашган.

Транспорти. Мамлакатнинг умумий юк айланмасида 56% дан кўпроғи т. й. га тўғри келади. Т. й. лар узунлиги — 640 км. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари — 7,7 минг км. Ҳаммаси қаттиқ қопламали. Авиа йўналишлар Арманистонни МДҲ давлатларининг кўпгина шаҳарлари билан боғлайди. Газ қувури тармоқлари бор.

Курортлари: Арзни, Жермук, Дилижон, Цахкадзор ва б. Пул бирлигидрам.

Халқ маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Арманистонда барча турдаги мактаблар, ўрта махсус ўқув юртлари кенг тармоғи мавжуд. Арманистонда 65 ўрта махсус ўқув юрти, 13 олий ўқув юрти, жумладан Ереван ун-ти, Политехника, Тиббиёт, Халқхўжалиги, Пед. ва б. институтлар бор. Арманистон ФА, ўнлаб и. т. ин-тлари, илмий лабораториялар, конструкторлик бюролари ишлаб турибди. Арманистонда 1,3 минг оммавий кутубхона, 14 театр, мингдан ортиқ клуб муассасаси, 800 дан кўпроқ кино қурилма, 37 музей мавжуд. Бир нечта газ. ва жур. нашр этилади; китоб нашри яхши йўлга қўйилган. 1926 й. дан Еревандан радио эшиттириш, 1956 й. дан телекўрсатув бошланган.

Адабиёти. Арман халқ оғзаки ижодидан кўпгина намуналар етиб келган. Булардан энг машҳури «Сосунлик Довуд» достонидир. Унда арманларнинг босқинчиларга қарши кураши акс этган. Арман ёзма адабиёти 5-а. да юзага келган, бунгача яратилган адабий асарлар арманларнинг христианлик динига утиши пайти (4-а.)да йўқ бўлиб кетган. Маърифатпарвар олим Месроп Маштоц яратган ёзув адабиётнинг тез ривожланишига йўл очди. 10-а. га келиб, иқтисодий ҳаёт жонланиши туфайли адабиёт ва санъатда инсонпарварлик руҳидаги асарлар пайдо бўла бошлади. 10 — 13-а. лардаги шоирлар Нерсес Шнорали, Мхитар Гош, Вардан Айгекци ижодида уйғониш даври ғоялари сезилади. 14 — 18-а. ларда Ованес Тупкуранци, М. Нагаш, Г. Ахтамарци, Н. Кучак, Н. Овнатан, Саят Нова каби шоирлар дунёвий адабиёт анъаналарини давом эттирдилар. X. Абовян янги арман адабиётига асос солди. 19-а. 60-й. ларидан халқ ҳаётини акс эттирувчи драматургия ривожлана бошлади. Г. Сундукяннинг пьесалари саҳналаштирилди. 18-а. охири ва 20-а. бошларида А. Паронян, О. Туманян, А. Исаакян, А. Акопян, Арманистон Ширвонзода арман адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшдилар. 20-й. ларда А. Вштуни, Г. Маари, В. Алазан, Г. Сарян, С. Вауни каби шоирлар кенг омма орасида шуҳрат қозонди. 30-й. ларда арман адабиёти Е. Чаренц, А. Бакунц, М. Армен, В. Тотовенц, В. Норенц, Н. Зарян, С. Таронци, Д. Демирчян ва М. Жанан каби адибларнинг асарлари билан бойиди. 1932 й. да А. Ёзувчилар уюшмаси тузилди. 2-жаҳон урушидан кейин романчилик ривожланди, қатор поэтик асарлар яратилди. Г. Севунцнинг «Теҳрон», Л. Гурунцнинг «Олтин тонг», Р. Кочарнинг «Катта уй болалари», А. Саняннинг «Ташналик» романлари, И. А. Граши, О. Шероз, Р. Ованесян, С. Капутикянларнинг шеърий тўпламлари босилиб чиқди. Ўзбек ёзувчи ва шоирларининг машҳур асарлари арман тилида нашр этилган. Арман адабиётининг энг яхши намуналари ҳам ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилган.

Меъморлиги. Арманистон ҳудудида энг қад. меъморий ёдгорликлар неолит даврига мансуб. Урарту давридан (мил. ав. 9 — 6-а. лар) Тейшебаини ва Эребуни (Ереван, мил. ав. 782 й. да асос солинган), антик даврдан Арташат, Тигранакерт ш. ларининг қолдиқлари, Гарни қалъаси (мил. 1-а.) сақланиб қолган. Ксенофонт тасвирлаган тоифадаги турар жой — глхатун (режада тўғри бурчакли, зинали ёғоч гумбазли уй) 20-а. гача анъана тарзида сақланиб келди. Христианлик қабул этилгач (301 й.), черковлар (Эчмиадзиндаги катта бутхона, 5-а.), истеҳком қасрлар, ҳашаматли саройлар (Звартонц, Аруч, Двиндаги) қурилди. Бу биноларнинг режаси аниқ, меъморий шакллари ихчам, безаклари нафис. Узунчоқ ёки цилиндр шаклидаги гумбазли бинолар (Зоравар, Рипсимдаги ибодатхоналар, Эчмиадзиндаги Гаянэ, ҳаммаси 7-а.) барпо этилди. 9 —12-а. ларда Арманистон меъморлиги юксак даражага кўтарилди. Шаҳарларда маҳобатли жамоат бинолари ва диний иншоотлар қурилди. Ани ш. да мустаҳкам мудофаа деворлари (989), Гагикашенда саройлар, ибодатхоналар (989—1010; меъмор Трдат), Ахтамар о. да сарой ва черков (915—921; меъмор Мануэл) барпо этилди. 12—14-а. ларда жамоат меъморлиги (меҳмонхоналар, карвонсаройлар, кўприклар) ривож топди. Қоя тошлар орасини ўйиб ҳосил қилинган Гегард монастири (Айриванк) сақланиб қолган. 14-а. да Арманистон меъморлигида инқироз бошланди. Аммо бу даврда ўзга мамлакатларга бориб ўрнашиб қолган арманлар яшовчи жойларда арман усталари иштирокидаги қурилиш ривожланди (Феодосия, Львовдаги арман ибодатхоналари, Каменец-Подольский, Луцкдаги иморатлар ва б.). Ҳоз. замон А. меъморлиги анъанавий миллий меъморлик, табиий ва янги ижтимоий-маиший шароитлар асосида давом эттирилмоқда.

Тасвирий санъати. Арманистон тоғларида яшаган кабилалар ва халқлар ибтидоий жамоа маданиятининг ҳамма босқичларидан ўтишган. Неолит даврига мансуб қоя тошларига ишланган суратлар сақланиб қолган. 4 — 6-а. ларга оид тасвирий санъат намуналари ҳам учрайди (нақшли хотира лавҳалар, сағаналарга ўйилган ёзувлар ва б.). А. ҳайкалтарошлиги меъморлик билан бирга ривожланди. Ахтамар қасри (10-а.) безаклари, Татев, Ани, Ахталдаги деворий нақшлар бунга мисол бўла олади. Миниатюра ҳам бирмунча ривожланди. 18-а. дан рассомлик равнақ топди. 19-а. нинг 20-й. ларида А. Россияга қўшилиши туфайли рус санъаткорларинингтаъсири кучайди. Рассом Акоп Овнатанян (1806 — 81) миллий рассомликка асос солди. 80-й. лардан И. Айвазовский, Г. Башинжагян, Е. Татевосян, В. Суреньянц, А. Шамшинян Арманистон санъатининг ривожига ҳисса қўшдилар. 20-а. да истеъдодли рассом ва ҳайкалтарошлар авлоди камол топди. М Сарьян, С. Агажанян, А. Кожоян, А. Урарту, С. Аракелян, Е. Кочар, Т. Чубарян каби санъаткорлар етишиб чиқди.

Мусиқаси. Неча минг йиллик анъаналарга эга бўлган қад. арман мусиқаси асосан бир овозли бўлса ҳам, аммо кўп овозлилик элементлари учраб турган. Ўтмиш мусиқий маданиятининг атоқли намояндалари Комитас (6—7-а. лар) ва Нерсес Шнорали (12-а.) диний мадҳиялар ва шараканлар ёзишган. 17-а. охирларидан ашуг (бахши) лар санъати ривож топди (18-а. даги машҳур бахши — Саят Нова). 19-а. 2-ярмида янги композиторлик мактаби вужудга келди. 1868 й. да Т. Чухажян «Аршак II» номли биринчи арман операсини яратди. Халқ тароналарини европача композиция воситалари билан бирга қўшиш орқали ўзига хос миллий услуб шакллана борди (композиторлар: X. Кара-Мурза, М. Экмалян, Н. Тигранян, Комитас, А. Спендиаров, Р. Меликян, А. Тигранян ва б.). Арман халқ чолғу асбоблари: пуфлаб чалинадиган, камонли, чертма, урма асбоблардир. Чем-чем (якка рақс), шчорор (дуэт), вер-вер, кочари (туда рақс)лар кенг тарқалган. 19-а. бошларидан янги арман нота ёзуви (А. Лимонжян ихтироси) бошланди. 19-а. нинг охирги чорагидан хор қўшиқлари ривожланди, халқ тароналари, қўшиқлари қайта ишланди. 20-а. бошларида янги мусиқий жанрлар: симфония, балет, симфоник достон, камерчолғу мусиқаси, оммавий қўшиқ, спектакль ва кинофильмларга мусиқа ёзиш ривожланди. А. Хачатурян, К. Закарян, В. Тальян, А. Айвазян ва б. лар турли жанрларда ижод қилдилар. Ереванда опера ва балет театри (1933), Мусиқали комедия театри (1942) барпо этилди. Арманистон филармонияси таркибида симфоник оркестр, торли квартет, ашула ва рақс дастаси, хор капелласи, гусан ашула дастаси каби ижодий жамоалар бор. Давлат консерваторияси хамда Санъат ин-тининг мусиқа ва халқ мусиқа ижодиёти бўлими малакали кадрлар тайёрлайди. 1933 й. да А. Композиторлар уюшмасига асос солинган. Арман мусиқаси Ўзбекистонда кенг ёйилган. Ўзбек давлат филармониясининг симфоник оркестри А. Бабажаняннинг «Қаҳрамонлик балладаси»ни Э. Мирзояннинг симфониясини, А. Долуханян, А. Арутюнян ва б. ларнинг асарларини ижро этган. Алишер Навоий номидаги Ўзбек Давлат академик катта опера ва балет театри А. Хачатуряннинг «Спартак» балетини саҳналаштирган.

Театри. Арман театр санъати мил. ав. 1-а. да вужудга келган (мил. ав. 69 й. да Тигранакертда театр биноси курилган). Арман ва юнон муаллифларининг асарлари саҳналаштирилган. 4 — 11-а. ларда фольклор-хор ва қоришма жанрларда ишловчи театр мавжуд бўлган. 12-а. да черков ва мактаб театрлари пайдо бўлди. 14-а. дан қад. арман театри секин-аста йўқолиб борди. 18-а. да сайёр труппалар ташкил этилди. 17 — 18-а. ларда ўзга юртлардаги (Москва, Венеция, Вена, Мадрас, Калькутта ва б. жойлардаги) арман муҳожирлари янги арман театрларини яратдилар. 19-а. да Арманистон театр санъатида юксалиш даври бошланди. Константинополь (1861), Тифлис (1863) ва б. шаҳарларда дастлабки арман доимий профессионал театрлари вужудга келди. Миллий драматурглардан М. Пешикташян, С. Экимян, М. Патканян, Г. Сундукян ижодида реалистик йўналиш қарор топди. 20-а. бошларида Ереван драма театри (1921; 1937 й. дан Сундукян номидаги), Гюмрида А. Мравян номидаги театр (1928), Ереван Ёш томошабинлар театри (1929), Ванадзор театри (1931), Нор-Баязет театри (1935) ташкил топди.

Киноси. Арманистонда дастлабки хроника кинолари 1907 й. да суратга олина бошланган. 1923 й. да ташкил этилган Арманистон «Давкино»си ҳоз. А. Бек-Назаров номидаги «Арменфильм» деб аталади. Бадиий фильмлар 1925 й. дан чиқарила бошлаган. Улар орасида «Намус» (1925), «ХасПуш» (1928) ва биринчи товушли фильм «Пэпо» (1935, барчасининг реж. А. БекНазаров), «Шахсан маълум» (1958) ва «Фавқулодда топшириқ» (1965, иккала фильм реж. лари — С. Кеворков ва Э. Карамян), «Салом, бу мен!» (1966, реж. Ф. Давлатян), «Қуёш остидаги жой» (1976, реж. А. Бабаян) ва б. Машҳур арман актёрлари — А. Жигарханян, Г. Тонунц, М. Симонян, М. Мкртчян. 1958 й. да А. Кинематографчилари уюшмаси тузилган.

Loading...