АРМСТРОНГ (Armstrong) Нил (1930.5.8, Огайо штатидаги Уапаконета ш.) — АҚШ астронавт учувчиси. 16 ёшида учувчилик ҳуқуқини олган. 1955 й. да Лафайетт шаҳридаги (Индиана штати) Пердью ун-тини битириб, авиация техниги мутахассислигини эгаллаган. Ҳарбий денгиз флоти қисмларида хизмат қилган. Льюис тадқиқот марказида синовчи-учувчи бўлган. Армстронг 1962 й. дан астронавтлар гуруҳида. 1966 й. 16 мартда Армстронг «Жеминай-8» космик кемасининг командири сифатида (Ж. Скотт б-н) фазога учди. 1969 й. 16 — 24 июлда «Аполлон-11» космик кемасининг командири сифатида Э. Олдрин ва М. Коллинз билан бирга тарихда биринчи марта Ойга учди ва у ерда 21 соат 36 минут бўлди. А. Ойга биринчи қадам қўйган (1969 й. 21. июлда) инсон. Дастурни муваффақиятли бажариб Ерга қайтган.