АРНАСОЙ ТУМАНИ

АРНАСОЙ ТУМАНИЖиззах вилоятидаги туман, 1975 й. 26 нояб. да ташкил этилган. Шим. ва шим.-ғарбда Фориш, жан. да Зафаробод, жан.-шарқда Пахтакор, шарқда Дўстлик, шим.-шарқда Мирзачўл туманлари билан чегарадош. Майд. 0,49 минг км2. Аҳолиси 40,0 мингдан ортиқ киши (1999). Арнасой туманида 6 Қишлоқ фуқаролари йиғини (Дўстлик, Зарафшон, Усмон Юсупов, Чўлқувар, Янгибўстон, Ғалаба) бор. Маркази — Ғолиблар қишлоғи.

Табиати . Туман рельефи асосан текислик ва пасттекисликлардан иборат. Ер юзаси шим. ва шим.-ғарбдан жан. ва жан.-шарққа томон аста-секин кўтарила боради. Иқлими кескин континентал. Янв. нинг ўртача т-раси — Г, — 5°, июлники 30° гача. Йилига ўртача 150 — 300 мм ёғин тушади. Арнасой туманининг шим. қисмида Айдар кўли жойлашган. Тупроғи асосан бўз-қўнғир тупроқ, шим.-шарқий қисмида қисман шўрхоклар бор. Туманнинг чўл жойларида чала буталар, саксовул, эфемер ва эфемероидлар ўсади. Кемирувчилардан қўшоёқ, юмронқозиқ, қуён; судралиб юрувчилардан калтакесак, илонлар; йиртқичлардан бўри, тулки, бўрсиқ; ҳашаротлардан чаён, фаланга; қушлардан тўрғай, сўфитўрғай, бойўғли яшайди. Арнасой тумани ҳудудида Арнасой давлат орнитология буюртма ҳудуди ташкил этилган.

Аҳолиси: асосан, ўзбеклар; шунингдек рус, қозоқ, тожик, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳоли зичлиги 1 км2га ўртача 16 киши.

Хўжалиги. Арнасой тумани хўжаликлари пахтачилик, ғаллачилик, полизчилик, чорвачилик, балиқчиликка ихтисослашган. Пахта тозалаш з-ди, 5 пахта тайёрлаш пункти бор. Арнасой туманида 7 жамоа хўжалиги, 11 токчилик хўжалиги мавжуд. 20 минг га ерга пахта, 5 минг га ерга ғалла, қарийб 1000 га ерга сабзавот экилади; токзор ва боғлар 1000 га ни ташкил қилади.

1996/97 ўқув йилида 11 умумий таълим мактабида 4 мингдан зиёд ўқувчи таълим олди. 15 болалар боғчасида қарийб 2100 бола тарбияланмоқда. 4 клуб, 2 маданият маркази, 10 кутубхона, 2 касалхона, 2 амбулатория бўлиб, 50 врач, 150 дан зиёд ўрта маълумотли тиббий ходим ишлайди. «Арнасой тонги» туман газетаси 1977 й. дан чиқади.