АРҚОН ТУТИШ — туркий халқлар тўй маросимидаги қад. удумлардан бири. Келинни куёвникига олиб келаётганларида келиннинг қўшнилари, яқинлари, маҳалла ва қишлоқ йигитлари араванинг йўлини тўсиб, совға ва инъом талаб қилади. Бунинг учун арғамчи тортиб йўлни тўсадилар. Арқон тутган кишиларга келин томонидан олдиндан тайёрлаб қўйилган ноз-неъматлар, белбоғ, рўмолча ёки пул беришган. Бу удум Ўзбекистоннинг барча вилоятларида мавжуд. Келин хоҳ отда, хоҳ арава ёки машинада бўлсин, йўл-йўлакай болалар йўл тўсишган. Гарчанд келин тушган улов бу тўсикдан бемалол ўтиб кетишга қодир бўлса ҳам, бундай қилинмаган. Аксинча қизнинг онаси баҳолиқудрат бериб юборган тугундан нонми, бўғирсоқми, қатламами берилиб, арқон тутувчиларнинг кўнгли хушнуд этилган.