АРСЛОН

АРСЛОН, шер (Panthera leo) — мушуксимонлар оиласининг бир тури. Уз. 240 см гача (урғочиси кичикроқ), оғирлиги 280 кг гача. Юз қисми чўзиқ, думининг учида узун қора қилдан иборат попуги бор. Танаси калта жун билан қопланган, эркаклари танасининг олдинги қисми (бўйни, кўкраги ва юзи) даги узун юнглари ёлни ҳосил қилади (жинсий деморфизм). Ранги сарғиш, ёли қорамтир. Қад. ареали Африка (Ғарбидан ташқари), Европа (Болқон ярим ороли, ЗакавказьеАрманистон), Осиёни (Арабистон ярим ороли, Кичик, Олд ва Жан. Осиё — Шарқда Ҳиндистонгача) ўз ичига олган. Индивидлар сони ва ареали кескин камайиб кетган, ҳоз. ареали асосан Марказий Африканинг қўриқланадиган ҳудудлари ва қисман Жан. Осиёдан иборат. Арслон чўл, саванна ва дарё яқинидаги ўрмонларда яшайди. Полигам, оилавий гуруҳ ҳосил қилади. Ҳар 2 йилда бир марта 3 — 4 тадан болалайди. Ҳомиладорлик даври 4 — 5 ой, 6 – 7 ёшида вояга етади, эркагидан 3 ёшда ёл чиқади. Арслон кечаси гуруҳ бўлиб ов қилади, йирик туёқли ҳайвонларни овлайди. Қари ва ярадор Арслон одамга ҳам ҳужум қилиши мумкин. 70 йилгача яшайди. Арслон ҳамма жойда муҳофаза қилинади; ҳинд кенжа тури (P. L. persica) Табиатни муҳофаза қилиш халқаро ташкилот Қизил китобига киритилган.