АРСЛОНБОБ

АРСЛОНБОБФарғона тизмаси б-н Бойбошота тизмасининг қўшилган жойида 1400 м баландликда жойлашган курорт жой. Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятининг Бозорқўрғон тумани ҳудудида. Бу ердан Фарғона тизмасининг қорли чўққиларидан бошланадиган Арслонбоб сойи оқиб ўтади. Аҳолиси асосан ўзбеклар, қирғизлар. Иқлими илиқ, ёзи салқин, совуқ бўлмайдиган давр бир йилда қарийб 230 кун. Июлнинг ўртача т-раси 20 — 25°, ҳавонинг нисбий намлиги ёз ойларида 30 — 40%; ҳавоси тоза. Йилига ўртача 600 — 800 мм ёғин ёғади. Табиати ниҳоятда бой ва ранг-баранг, тоғ ён бағирлари қалин ўрмон. А. да табиий ёнғоқзор, пистазор, олмазор, бодомзор ва олчазор кўп. Арслонбоб қишлоғи махсус ёнғоқзор-мевазор ўрмон хўжалиги қарамоғида. Арслонбоб атрофида ўрмонмевачилик хўжалиги ташкил қилинган. 1945 й. дан бу ерлар давлат қўриқхонаси ҳисобланади. Дарахтзорлар қарийб 265 минг га майдонни ташкил қилади. Мевали ўрмонлардан ёнғоқ, олма, писта ва олча йиғиб олинади. Асаларичилик ривожланган. Арслонбоб ёнғоқзорларида мўйнали ҳайвонлар иқлимлаштирилган. Бу ерга ҳар йили турист ва дам олувчилар келиб кетишади, болалар дам олиш масканлари бор. А. қадимдан Арслонбобота номи билан боғлиқ зиёратгоҳ жой.

Prev Article

АРСЕНОПИРИТ

Next Article

АРТАКСЕРКС