АРСЛОНТОВ (Аристантов) — Қизилқумдаги уч тизмадан иборат емирилган қолдиқ тоғлар. Жан.-ғарбдан шим.-шарққа йўналган. Энг баланд жойи 698 м. А. Қизилқумдаги бошқа паст тоғлар каби атрофи эол қумлар билан ўралган. Арслонтов замини силур, девон даврларининг сланец, қумтош, оҳактош, мармар, гравелит жинсларидан, юқори қисмлари карбон даврининг оч ва тўқ тусдаги оҳактош ва б. жинс қатламларидан иборат. Бу жинслар тоғ ён бағирларида очилиб қолган, этакларида эса дағал пролювий ётқизиқлари ва бўр, палеогеннинг чўкинди жинслари қатламлари орасига кириб кетган. А. Марказий Қизилқумдаги бошқа палеозой массивлари каби герцин ороге-незида бурмаланган. Бўр ва палеоген денгиз трансгрессиялари бутун Қизилқумни жумладан Арслонтовнинг ён бағирларини ҳам босиб, қалин гил қатламлари билан қоплаган. Альп орогенезида қайта бурмаланган. Бироқ ён бағирларидаги гил қатламлари ювилиб кетган. Арслонтов асимметрик тузилган, унинг шарқий ён бағирлари тик. А. жуда ҳам парчаланиб кетган. Марказий қисмлари альп типидаги рельефга эга, яъни ўткир найзасимон чўққили, қиррали бўлиб, ғарбий ва шарқий чеккалари эса кўпинча ясси юзали, усти текисланиб қолган. Нураган жинслар тоғ этакларида сочилиб ётади. Анинг жан.-шарқий ён бағирларида сой кўп. Бу сойларда баҳордагина сел ва ёмғир сувлари оқади. Арслонтовда кўпинча қуруқ водийнинг чуқур жойларида, қатламларнинг тектоник ёрикларида, отқинди ва метаморфик, оҳактош ҳамда мармар жинслари тарқалган жойларда чучук сувли булоқлар учрайди. Булоқ сувларидан деҳқончиликда фойдаланилади. Арслонтовда иқлимнинг қуруқлиги, тупроқ қатламининг деярли йўқлигидан ўсимлик кам. Тоғ этакларида тошли кул ранг-қўнғир тупроқларда шувоқ-эфемер ўсимликлари кенг тарқалган. Арслонтовдан яйлов чорвачилигида фойдаланилади.