АРТЕРИЯЛАР (юн. arteria — ҳаво канали) — юрак ва аортадан чиқиб, ўпка альвеолаларида кислородга бойиган қонни барча аъзо ва тўқималарга элтувчи қон томирлар. Артерия қони одам вафотидан сўнг вена томирларига ўтиб кетади. Шу сабабли Гиппократ артерия томирларидан жон оқади, деган. Одатда юракдан чиққан барча томирлар (қон таркибидан қатъи назар) артерия, юракка келадиган томирлар вена томири бўлади. Юракдан чиқиб ўпкага борадиган томир (таркибида вена қони бор) — ўпка артерияси бундан мустас-но. Артериялар девори уч қават (ички — эндотелий, ўрта — мускул, ташқи — парда)дан иборат. Катта диаметрли Артериялар деворида эластик тўқима кўп бўлади. Артериялар жуда кўп марта ўзаро қўшилиб артерия тўри ва анастомозлар ҳосил қилади. Бўлар артерия жароҳатланганда ўринбосар вазифасини бажаради.