АРТРИТ (юн. arthron — бўғим, itis — яллиғланиш) — бўғимларнинг яллиғланиши. Асосий касаллик (мас, спондилоартрит) ёки бошқа касаллик (мас, ревматизм) белгиси бўлиши мумкин: бир (моноартрит) ёки бир неча бўғим (полиартрит) зарарланади. Инфекция (тиф, паратиф, сил, бруцеллёз ва б.), моддалар алмашинувининг бузилиши, лат ейиш, сурункали касалликлар (муртак безлари, ўрта қулоқ, бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши, касалланган тишлар) ва б. са-баб бўлади. Интоксикация (заҳарланиш), совқотиш, одам организмида микробларга қаршилик кўрсатиш қобилиятининг сусайиши натижасида ҳам Артрит рўй беради. Ўткир, сурункали, аллергик, юқумли, ревматик (полиартрит), экссудатли ва б. А. фарқ қилинади. Артритда бўғимлар оғрийди, қизариб шишади, шакли ўзгаради ва ҳаракати чекланади; яллиғланган бўғим соҳасида суюқлик (экссудат) йиғилади. Бемор дармонсизланади, ҳарорати кўтарилади. Касаллик энди бошланаётганда даво (дори-дармон, даво физкультураси, массаж) қилинса, бемор тезда соғайиб кетади.