АРТРОЗ

АРТРОЗ (юн. arthron — бўғим) — бўғимнинг дистрофик сурункали касаллиги. Моддалар алмашинуви ва ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши, бўғимларнинг шикастланиши, шамоллаш, интоксикация, инфекцион касалликлар оқибатида келиб чиқади. Тор пойабзал кийиш оёқ панжаси бўғимлари Артроз ига сабаб бўлиши мумкин. Артрозда йирик (тизза, чаноқ-сон, болдир-товон, билак) ҳамда майда бўғимлар, хусусан умуртқа поғонаси бўғимлари (спондилоартроз) зарарланади. Бўғимлар бир оз шишади, босиб кўрилганда оғрийди; букиш ёки ёзиш чоғида қирсиллаган товуш эшитилади. Кўпинча 40 — 60 яшар аёллар ўртасида учрайди. Қайси бўғим зарарланганлиги ва касаллик босқичига қараб даво қилинади.