АРТУР АФСОНАЛАРИ — Уэльс (Англия) да истиқомат қилувчи кельтларнинг ривоятлари; кўплаб шеърий асарларга мавзу бўлган. Буларга асос қилиб орттларнинг қиролларидан бири — қирол Артур (5 —6-а.) прототипи олинган. У англо-сакслар истилосига қарши муваффақиятли курашган. Кельтлар ўз мустақилликларини қайта тиклаш ҳақидаги орзу-умидларини Артур номи б-н боғлаганлар. Тарихий шахс сифатида Артур 8 – а. дан бошлаб кельт ва бретонларнинг бард (шоир ва қўшиқчи)лари ижодида, шунингдек лотин йилномачиси Гальфрид Монмаутскийнинг «Британия қироллари тарихи» (тахм. 1137) китобида тилга олинади. Англияда 13 — 14 – а. ларда «Артур», «Артур ва Мерлин», «Артурнинг ўлими» романларининг таржимаси пайдо бўлади. Артур афсоналари мавзуида рицарлик ҳақидаги энг яхши инглиз романи — «Сэр Гавейн ва Яшил рицар» назмда яратилди (14-а.). 15-а. да Т. Малори «Артўрнинг ўлими» романини езди. Бир қатор ижодкорлар ўз асарларида Артур образига мурожаат этганлар. Мас, Э. Спенсер «Қиролича фей»да, Ж. Драйден «Қирол Артур» опера либреттосида, У. Моррис «Гиневр мудофааси» поэмасида ва б. М. Твеннинг «Янки қирол Артур саройида» асарида Артур афсоналари тақлидий-ҳажвий талқин этилган.