АРХОЗАВРЛАР (Archosaura) — судралиб юрувчилар кенжа синфи. Юқори пермь давридан маълум. Бош суягида 2 та чекка суяги ва кўз одди туйнуги бўлади. Чаноқ суяги 3 ёки 4 нурли. Териси қалин совут билан қопланган. Архозаврлар мезозой эрасида ер юзида энг кенг тарқалган ва жуда хилма-хил турлардан иборат судралиб юрувчилар гуруҳи бўлган. Айрим Архозаврлар икки оёкда тик юргани учун орқа оёқлари, думи ва думғазаси кучли ривожланган, лекин олдинги оёқлари ва боши кичик бўлган. Ўтхўр ёки йиртқич ҳаёт кечирган Архозаврларга текодонтлар, тимсоҳлар, калтакесакчаноқлилар, қўшчаноқлилар, динозаврлар ва учар калтакесаклар туркумлари киради. Архозаврлардан археоптерикс келиб чикдан. Архозаврлардан ҳозир фақат тимсоҳлар сақланиб қолган.