АСАДОВ

АСАДОВ Мирумар (1927, Самарқанд ш.) — меъморлик ёдгорликларини таъмирловчи уста, Ўзбекистон Қаҳрамони (1996). Самарқанд ёдгорликларни таъмирлаш билим юртини тугатган (1941). Тожикистон давлат унверситетида ўқиган (1962 — 65). Тошкент ш. даги Алишер Навоий номли опера ва балет театри биноси қурилишида (1947), Тожикистондаги қатор ёдгорликларни таъмирлашда иштирок этган (1950 — 55). А. Самарқанд ш. даги Улуғбек мадрасаси, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди, Тиллакори Мадраса, шунингдек Бухородаги Мир Араб мадрасаси, Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси, Тошкентдаги Юнусхон мадрасаси ва Қалдирғочбий мақбарасини таъмирлашда қатнашган. Асадов ака-укалари Уста Мирусмон, Уста Мирсаидлар билан бирга тарихий обидаларни таъмирловчи усталар сулоласини тарбиялади. Асадов Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1974).

Loading...