АСАЛ СИРКАСИ — асал идишлари ювиндисидан тайёрланадиган сирка. А. с. лаззатли, ундан асалнинг хушбўй ҳиди келади. Асал сиркасини тайёрлаш: 10 л ювинди шарбатга ачитқи ва қаттиқ нон бурдалари солинади, аралаштириб, илиқ жойга қўйилади. Бижғиш тугагач, тиндириб шиша идишларга қуйилади. Шунингдек, асал шарбатига вино ва қора нон бурдаларини қўшиб (1:1) ҳам сирка тайёрлаш мумкин. Асал сиркаси озиқ-овқат сифатида оддий сирка қаторида ишлатилади.