АСАЛ, бол — ишчи асаларилар ўсимликлар гулидаги шира (нектар) ни организмида қайта ишлаш йўли билан ҳосил қиладиган ширин суюқлик. Асаларилар Асални уя катакларига ўзлари учун озиқ қилиб ғамлайди. Асал ўз таркибига кўра нектардан фарқ қилади. Асалда 80% дан кўпроқ углеводлар (глюкоза, фруктоза), 0,4% кул, 13 — 20% сув бўлади. Ада инсон учун фойдали моддаларнинг 70 дан ортиқ тури бор. Шунингдек, Асалда минерал моддалар: кальций, натрий, калий ва б. ; микроэлементлар, органик кислоталардан олма, лимон кислоталари, витаминлар (В2, В6, РР, С, Е, К) борлиги аниқланган. Табиатдан олиниш манбаига кўра гул (нектар) Асал ва шира (ўсимлик барглари ва пояларидан ажраладиган шира) Асалга бўлинади. Гулдан олинган Асал ҳам ўсимлик турига қараб беда, янтоқ, кунгабоқар, ғўза ва б. га ажралади. Асал ўзининг таъми, ҳиди, ранги жиҳатидан, шунингдек қайси фаслда қандай ўсимлик гулидан йиғилганлигига ва жойи (тоғ, ўрмон, водий)га қараб ҳам фарқланади. Энг яхши Асал — тоғ асали, чунки у турли доривор гуллардан йиғилади. Оқ акация, беда, олма, шафтоли ва б. ўсимликлар гулидан тўпланган Асал ҳам сифатли, офтоб кам тушадиган ўрмон гуллари ва етишгаришда турли заҳарли дорилар сепиладиган техника ўсимликлари, мас, фа, канопдан олинган Асал анча сифатсиз ҳисобланади. Асал мумкатаклардан махсус асалажраткич мосламалар билан ажратиб олинади. Асал қимматли озиқ-овқат маҳсулоти, унинг 1 кг да ўртача 3200 калория энергия бор. Асалдан тиббиётда қадимдан доридармон сифатида фойдаланилган. Ҳозир фармацевтика саноатида турли доридармонлар ишлаб чиқарилади. Асалнинг ўзи турли касалликларга парҳез ва даво воситаси тарзида берилади. 20-а. нинг 60-й. ларидан бошлаб тиббиётда Асал билан даволаш усуллари – апитерапия шаклланди. Асал озиқ-овқат саноатида ҳам ишлатилади.