АСАЛАРИ ЗАҲАРИ

АСАЛАРИ ЗАҲАРИ, апитоксин (лот. apis — асалари, юн. toxikon — за-ҳар) — ишчи асаларилар танасидаги ипсимон безлари ажратадиган ўткир ҳидли аччиқ, оч сариқ, шаффоф суюқлик. А. з. таркибида биол. фаол моддалар, ферментлар, эркин аминокислоталар, чумоли, хлорид, ортофосфат кислоталари, гистамин, холин, триптофан, олтингугурт, магний фосфат ва б. моддалар бор. А. з. таркибидаги таъсир қилувчи моддалар гистамин гликозиди, липидлар, ҳайвонот сапонинларига яқин турадиган моддалардан иборат. Зичлиги 1,313. Сувдатез, чумоли кислотада ва 60°ли спиртда секин эрийди. Асалари чаққанда 0,2—0,3 мг заҳар ажратади. Асалари чаққан жойда қаттиқ оғриқ ва шиш пайдо бўлади. Асалари чаққан жойга дарҳол валидол эритмаси ёки саримсоқ кесиб суртилса, оғриқ қолади, шиш пайдо бўлмайди. Асалари заҳаридан тиббиётда радикулит ва бод касалликларини даволашда фойдаланилади. Бунда организм бевосита асалариларга чактирилади ёки таркибида Асалари заҳари бўлган дорилар қўлланилади. Бу препаратлардан бронхиал астма, гипертония касалликларини даволашда ҳам фойдаланиш мумкин. Бод ва радикулитни даволашда таркибида Асалари заҳари бўлган вирапин (1 г вирапинда 0,15 мг Асалари заҳари бўлади) суртма ҳолида қўлланилади. Таркибида Асалари заҳари бор дорилардан қон томирларини кенгайтириш ва моддалар алмашинувини яхшилашда фойдаланилади.

Next Article

АСАМА