
АСБЕСТ-ЦЕМЕНТ БУЮМЛАР
АСБЕСТ-ЦЕМЕНТ БУЮМЛАР — асбест ва цемент қоришмасидан тайёрланадиган қурилиш материаллари. Листсимон, қувурсимон хилларга бўлинади. Томга ёпиладиган шаклдор листлар ва ясси плиталар ҳамда плитачалар турар жой, жамоат ва и. ч. бинолари томига ёпишда ишлатилади. Пресслаб тайёрланган ва прессланмаган нақшли пардозлаш плиталари турар жой ва жамоат биноларининг ёрдамчи хоналарини пардозлашда, девор панелларига қоплашда ишлатилади. Махсус ишларга мўлжалланган буюмларга вентиляция қутилари, иссиқлик изоляциясини механик шикастланишлардан сақлайдиган ярим цилиндрлар, метрополитеннинг гумбазеимон элементлари ва б. киради. Қувурсимон А.-ц. б. га водопровод қувурлари (босимли ва босимсиз), газ қувурлари ва ўтиш кувурлари киради.