АСБЕСТ-ЦЕМЕНТ КОНСТРУКЦИЯЛАР

АСБЕСТ-ЦЕМЕНТ КОНСТРУКЦИЯЛАР — каркаси (синчи) ёғоч, асбест-цемент ёки металл элементлардан иборат бўлган асбест-цемент листлари ва иссиқлик изоляцияси материалларидан тайёрланадиган конструкциялар. Ичи ҳавол конструкцияларда асбест-цемент листлар ўзаро шуруплар, парчин мих ёки елим билан бириктирилади. Монолит (яхлит) конструкциялар — иситкич қатлами (пенопласт) билан бириктирилган икки ясси листдан тайёрланадиган плита ва панеллар. Қалинлиги 60 — 80 мм бўлиб, 3 метрли жойларни ёпишда ишлатилади. Каркасига елим ёки шуруплар билан бириктириладиган ясси асбест-цемент плита ва панеллардан иборат конструкциялар кенг тарқалган. Каркас учун асбест-цемент ёки металл профиллар, ёғоч ғўлалар ишлатилади.