АШУЛА

АШУЛА — якка хонанда ёки хонандалар гуруҳига мўлжалланган, мумтоз ўзбек мусиқа меросида марказий ўрин эгаллаган ашула йўли. Асосан лирик руҳдаги ғазал ва шеърлар заминида юзага келади. Ашулалар соз (дойра, дутор, танбур), ансамбль жўрлигида ёки жўрсиз ижро этилади. Ашула ўзбек мусиқа фольклорида катта урин эгаллаган қўшиқ жанридан куй диапазонининг кенглиги, шаклан ривожланганлиги, мавзу ва мазмуни теранлиги билан фарқланади. Ашуланинг бадиий мазмунида бармоқ вазнидаги шеърлардан фойдала-нилсада, аруз вазнидаги ғазал ва шеърий шакллар асосий ўрин тутади. Бинобарин, Ашуланинг ички тузилиши ҳам турличадир. Бармоқ вазнига асосланган Ашулалар купроқ «банд-нақарот» шакли куринишида бўлса, ғазалларга битилган Ашулалар тузилиши нисбатан мураккаб ва ривожлангандир. Одатда, бундай Ашула ларнинг куйлари қуйи пардалардан бошланиб ўрта ва юқори пардаларида ривожланади, сўнгра дастлабки турғун товушда ниҳоясига етади. Аксарият Ашулалар ўзига хос авжларига эга. Ашула жанри тарихи узоқ ўтмишга бориб та-қалади: кўпинча профессионал мусиқачи (бастакорҳофиз)лар ижодиётининг маҳсули бўлиб, бизгача оғзаки равишда етиб келганлиги туфайли қатор Ашулалар кўплаб вариантларга эга. Ашуланинг энг ривожланган мукаммал кўринишлари Бухоро ва Хоразм мақомларининг наср (ашула) йўллари, Тошкент ва Фарғона водийсида кенг тарқалган мақом йўллари, катта ашула жанрида намоён бўлган. Ашула ларда ўзбек халқининг руҳи, характери, маънавий дунёси ўзининг бадиий етук ва тўлақонли ифодасини топган.

Ад. Нота нашрлари: А. Навоий сўзига музикалар, Т., 1948; Муқимий ва Фурқат ашулалари, Т., 1958; Ўзбек халқ музикаси (тўпловчи ва нотага олувчи Ю. Ражабий), I—V томлар, Т., 1955-59.

Тўхтасин Ғафурбеков.

Next Article

АШУРО