АШУРАЛИ МЕҲТАР (фамилияси Юсупов) (1893.11.7, Андижон — 1980.1.5, Тошкент) — ўзбек халқ созандаси. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1944). Халқ дорбозлари ва қўғирчоқбозларнинг ҳамкори, меҳтарлик санъати анъаналарининг билимдони сурнай, карнай, ноғора йўлларининг устаси. Ашурали Меҳтар «Ҳужум», «Ўртоқлар», «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин» асарларига мусиқа басталашда Т. Жалилов, М. Тиллаевларга ҳамкорлик қилган. У. Исмоиловнинг «Рустам» драмасига мусиқа басталаган. Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театри созандаси (1940—65). Санъатшунослик и. т. интида Ашурали Меҳтар ижро этган ўзбек анъанавий мусиқаси нодир ёзувлари сақланмоқда.
Ашурали Меҳтар ижросидаги Бузрук (савтлари б-н), Дугоҳ (уфор ва савтлари б-н), Ироқ (мушкилоти уфор, дучавалари б-н), Наср (талқини б-н), Яланг даврон (уфори б-н), Мустаҳзод (уфорлари б-н), Наво (савти, мушкилоти, чархлари б-н) каби 40 дан ортиқ мумтоз куй Ю. Ражабийнинг «Ўзбек халқ мусиқаси» тўпламидан ўрин олган. У «Дорбозлар» ва б. фильмларда халқ созандаси сифатида қатнашган.
Ад.: Олимбоева К., Аҳмедов М., Ўзбекистон халқ созандалари, Т., 1959.