АШУРО (араб. — ўн кунлик) — 1) Муҳаммад (сав) Мадинага кўчиб ўтганларидан сўнг дастлабки пайтда, муҳаррам ойи 10-кунида тутилган рўза. Кейинроқ рамазон ойида рўза тутиш белгилангач, Ашуро рўзасини тутиш ихтиёрий деб эълон этилган;
2) шиаларда халифа Алининг ўғли Ҳусайннинг Карбало ёнидаги жангда ҳалок бўлганлиги хотирасига бағишлаб муҳаррам ойининг дастлабки ўн кунлигида ўтказиладиган мотам маросимлари.
Эрон ва Ироқда Ашуро куни масжид ва Мадраса ҳовлиларида, такяхона ва ҳусайнияхоналарда имом Ҳусайн ва сафдошлари чеккан азоб-уқубатлар ҳақидаги қиссалар жамоат орасида ўқилади. Кўчаларда шиалар юриш қилиб, мотам туғлари ва шиорларини кўтариб: «Шоҳ Ҳусайн, воҳ Ҳусайн» сўзларини такрорлаб, нола чекишади. Айримлари кўкракларига тўхтовсиз мушт уриб, занжир ва ханжарлар билан баданларини тилкалайдилар.
Ашуро кунида ислом мамлакатларидан минглаб шиалар Карбало ш. га йиғилишиб, имом Ҳусайн ва сафдошлари қабрини зиёрат этишади. Суннийларда Ашуро куни одатдаги диний маъракалардек ўтади, айрим жойларда «ашур оши» улашилади.