АШХОБОД ЗИЛЗИЛАСИ

АШХОБОД ЗИЛЗИЛАСИ — 1948 й. 6 окт. маҳаллий вақт билан кечаси соат I дан 12 мин. ўтганда бўлган кучли зилзила. Зилзила эпицентри Ашхобод ш. дан жан.-ғарбда, Қуруғовдонда, 10 — 15 км чуқурликда жойлашган. Зилзила кучи (М-7,0) эпицентрда 10 баллгача етди. 1000 км2 га яқин майдон 9 балл куч билан силкинди. Зилзиланинг эпицентрал зонаси (37,8° ш. к. ва 58,6° шқ. у.) Бузмайин — Ашхобод — Қуруғовдон чизиғи бўйлаб Копетдоғ тоғларининг шим. этагида шим.-ғарбдан жан.-шарққа йўналган. Зилзила натижасида Ашхобод ва унинг атрофидаги қишлоқлар вайрон бўлди. Кўп ерларда ёриқлар, қум аралаш бутана сув фонтанлари вужудга келди, тоғларда кўчкилар содир бўлди, ер ости сувларининг миқдори ўзгарди. Ернинг устки қатлами вертикал йўналишда силжиди. Ашхободдан ғарбда ер 33 см кўтарилди, шарқда эса 22 см чўкди. Ашхобод шу кўтарилган ва чўккан зоналарнинг туташган ерида жойлашган бўлганлиги учун бу ерда ер 70 см дан 178 см гача горизонтал йўналишда силжиди. Зилзила вақтида вертикал (тик) силкинишлар бўлса ҳам, лекин асосий фалокат жан.шарқдан шим.-ғарбга йўналган горизонтал тебранишлар натижасида рўй берди. Асосий зилзиладан сўнг бир неча ой мобайнида қайта силкинишлар (афтершок) давом этди. Ашхобод зилзиладан сўнг қайта тикланди ва замонавий, обод шаҳарлардан бирига айланди.

Prev Article

АШУРМАТОВ

Next Article

АЪЗАМОВ