АСИНХРОН ЭЛЕКТР МАШИНА

АСИНХРОН ЭЛЕКТР МАШИНА — роторининг айланиш частотаси статорининг магнит майдони айланиш частотасига мос келмайдиган ўзгарувчан ток электр машинаси. Асосий қисмлари: станинага ўрнатилган пўлат ўзак ва ўзакка ўралган чулғамлардан иборат статор ҳамда ўққа ўрнатилган ва ариқчаларига чулғамлар жойлаштирилган пўлат ўзакдан иборат ротор. Ротор ўзаги ҳам, статор ўзаги ҳам пўлат пластиналардан йиғилади. Чулғамларнинг бир-бирига ўзаро уланиши ва манбадан ток билан таъминланиши усулига кўра статор бир, икки, уч ва кўп фазали қилиб тайёрланиши мумкин. Уч ва кўп фазали чулғамлар ўзаро юлдузча, учбурчак ва кўпбурчак шаклида уланади. Чулғамларининг тайёрланишига кўра, ротор қисқа туташтирилган ва фазароторли хилларга бўлинади. Статор билан ротор орасидаги ҳаво тирқиши иложи борича кичик (0,025 мм гача) қилинади. Асинхрон электр машина роторининг айланиш частотаси статор магнит майдонининг айланиш частотасига боғлиқ бўлади ва истеъмол қилинадиган ток частотаси ҳамда машинанинг жуфт қутблар сони билан аниқланади. Сирпаниш (силжиш) қийматига қараб, Асинхрон электр машинани асинхрон электр двигатель ва асинхрон генератор сифатида ишлатиш мумкин.

Next Article

АСКИЯ