АСИРИЙ (тахаллуси; асл исми Тошхўжа ўғли) (1864 — Хўжанд — 1915/16) — туркий шоир. Қўқонда мадрасада ўқиган (1882 — 90). Отасидан тоштарошликни ўрганиб, умрининг охиригача шу касб билан шуғулланган. Ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Мумтоз шоирлар, айниқса Бедил анъаналарини давом эттирган. Шеърлари ғоявийбадиий етук. Жавҳарий ва б. замондошлари Асирийни эрксевар, нозиқтаб, ширинсухан шоир, «илм-фан аҳлининг шаъми» деб таърифлаган. Асирий ғазал, маснавий, рубоий, қитьа ва б. жанрларда ижод қилган. Шеърларида инсоний муҳаббатни куйлаган, жаҳолатни қоралаб, илм-маърифатни тарғиб этган.