АСКАНИЯ ҚЎЙ ЗОТИ

АСКАНИЯ ҚЎЙ ЗОТИ — майин толали, жуни ва гўшти учун боқиладиган зот. Бу зотни 1925 — 34 й. ларда Украина чорвачилик и. т. институти (Херсон вилоятидаги «Аскания-Нова» хўжалиги)да акад. М. Ф. Иванов Украина маҳаллий меринос қўйларини танлаб бориш ва Американинг рамбулье қўчқорлари билан чатиштириш орқали етиштирган. Аскания қўй зоти майин жунли қўйлар ичида ўзининг йириклиги б-н ажралиб туради, қуруқ иқлимга яхши мослашади, жун ва гўшт маҳсулдорлиги юқори. Қўчқорларининг тирик вазни 120 — 140 кг, совлиқлариники 60 — 70 кг. Майин, ингичка жун қопламига эга.

Қўчқорларидан 12 — 15 кг гача, совлиқларидан 6 — 6,5 кг жун олинади (1 см2 терида 4900 дона жун толаси бор ), жун кокили уз. 7,5 — 8 см, тоза жун чиқими 40-50%. 100 қўйдан 150 гача қўзи олиш мумкин, оддий шароитда 125 — 130 қўзи олинади. Аскания қўй зоти иштирокида Кавказ, озарбайжон, Красноярск меринослари яратилган. Ўзбекистонда 50-й. ларда маҳаллий жайдари қўйларнинг жуни сифатини яхшилаш мақсадларида Аскания қўй зоти қўчқорларидан фойдаланилган ва яхши натижалар олинган. Ўзбекистоннинг Жиззах ва Тошкент вилоятлари хўжаликларида тарқалган.