АСКАРИДОЗ — тўгарак чувалчанглар (аскаридалар) келтириб чиқарадиган гижжа касаллиги. Аскаридалар анча йирик бўлиб, одамнинг ингичка ичагида паразитлик қилади. Болаларда кўпроқ учрайди. Бемор Аскаридоз тарқатувчи манба ҳисобланади. Касаллик аскарида тухумлари билан ифлосланган сабзавотлар, қайнатилмаган сув, кир қўл орқали юқади. Касалликнинг илк даври кўпинча умумий аломатлар билан кечади: дармонсизлик, йўтал, ҳарорат кўтарилиши, эшак-ем тошиши мумкин. Кейинчалик бош айланиши, бош оғриғи, меъда-ичак фаолиятининг бузилиши (кўнгил айниши, қусиш, кўп сўлак оқиши), ўта толиқувчанлик, кечаси қўрқиш аломатлари намоён бўлади; болалар уйқуда тишини ғижирлатади, уларда камқонлик, асабийлашиш ва б. кузатилади. Аскаридаларнинг ўт ёки меъда-ичак йўлларига кириши натижасида йирингли холецистит, жигар абсцесси, перитонит, сепсис, ўткир панкреатит, аппендицит, ичак тутилиши ва б. асоратлар юзага келиши мумкин. Аскаридозга врач назорати остида даво қилинади. Касалликнинг олдини олишда озодалик ва саришталикка амал қилиш лозим.